ЎзА Ўзбек

15.08.2018 16:13 Чоп этиш версияси

Қўриқлаш бўлими янги бинода иш бошлади

Қўриқлаш бўлими янги бинода иш бошлади
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси қўриқлаш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда мамлакатимизда олиб борилган тизимли чора-тадбирлар натижасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш борасида таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Қўриқлаш бўлимининг янги биносини “Косонсой қурилишинвест” масъулияти чекланган жамияти ишчилари қурди. Мажмуада шахсий таркиб учун барча шароит яратилган. Ётоқхона, спорт зал, маърифат ва овқатланиш хоналари зарур анжомлар, мебеллар билан жиҳозланди.

– Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида янги бинода иш бошлаш бизга катта совға бўлди, – дейди тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси қўриқлаш бўлими бошлиғи Раҳим Намозов. – Бугунги кунда туманимиздаги аҳоли хонадонлари, турли объектларни қўриқлаш учун 70 дан ортиқ ходимларимиз кеча-ю кундуз хизматда. Давлатимиз томонидан соҳа ходимларига яратилаётган бу каби қулайликларнинг барчаси аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, мулкни ишончли қўриқлашни ташкил этиш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сўнгги йилларда қўриқлаш хизмати фаолиятида катта ўзгаришлар амалга оширилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилинди. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш каби техникалар жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Тадбирда вазирлик томонидан қўриқлаш бўлимига “Spark” автомобили топширилди.

Абдулазиз Мусаев, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
5 825