Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2018 12:38 Чоп этиш версияси

Қўриқлаш бўлими шахсий таркибига катта совға

Қўриқлаш бўлими шахсий таркибига катта совға

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси қўриқлаш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Қўриқлаш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси вакиллари, шаҳар ва туман ҳокимлиги масъуллари, соҳа ходимлари ҳамда туман фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда олиб борилган тизимли чора-тадбирлар натижасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян натижаларга эришилаётгани алоҳида таъкидланди.

Мазкур қўриқлаш бўлимининг янги биноси “Косонсой қурилишинвест” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа муддатларда қуриб битказилди. Мажмуада шахсий таркиб учун барча шароит яратилган бўлиб, маърифат хонаси, ётоқхона, тренажёр зали, овқатланиш хонаси зарур анжомлар, мебеллар билан жиҳозланди.

– Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида янги бинода иш фаолиятимизни бошлаш қўриқлаш бўлимимизнинг шахсий таркибига катта совға бўлди, – дейди тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси қўриқлаш бўлими бошлиғи, майор Раҳим Намозов, – Бугунги кунда туманимиздаги аҳоли хонадонлари, турли объектларни қўриқлаш учун 70 дан ортиқ ходимларимиз кеча-ю кундуз хизматга шай ҳолатда. Давлатимиз томонидан соҳа ходимларига яратилаётган ушбу қулайликларнинг барчаси аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, мулкни ишончли қўриқлашни ташкил этиш, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сўнги йилларда қўриқлаш хизмати фаолиятида катта ўзгаришлар амалга оширилиб, жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий қилинди. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш каби турли техникалар жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Тадбирда вазирлик томонидан қўриқлаш бўлимига “Spark” автомобили калити топширилди.

А.Мусаев, ЎзА
6 048