Ўғри ўғирлаган пулларни омонатга қўйди
Халқимизда бировнинг ҳақи буюрмайди деган гап бежиз айтилмаган. Аммо баъзилар буни унутиб, жиноятга қўл уришади. Барча сири фош бўлганда эса кеч бўлади.
Халқимизда бировнинг ҳақи буюрмайди деган гап бежиз айтилмаган. Аммо баъзилар буни унутиб, жиноятга қўл уришади. Барча сири фош бўлганда эса кеч бўлади.
“Халқаобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т. Усмонов бошқалардан бўлган қарзини узишнинг “антиқа” йўлини топди. У бозорда айланиб юрган чоғида ҳамқишлоғи Музаффар аканинг қўлида анчагина пул ушлаб турганини кўриб, уни ўмаришни мақсад қилди. Шу куни кечаси М. Эргашевнинг уйига йўл олади. Уйда ҳеч ким йўқлигини аниқлагач, яшаш хонадонига кириб, пулларни қидира бошлайди. У ётоқхонада сақланаётган темир сейфни оча олмаганидан сўнг, уни кўтариб чиқиб, ижарага олган уйга олиб борган. Эртаси куни сейфни бузиб, унинг ичидаги 6 минг 500 АҚШ доллари 100 евро, 100 Хитой юани, 1 минг Россия рубли, бир жуфт аёллар тилла сирғаси ва тилла занжири, бир дона эркаклар тилла узуги, бир дона аёллар тилла узугини олиб, талон-тарож қилган. Бундан ташқари, Т.Усмонов М.Эргашевнинг яшаш хонадони кадастр йиғма жилдини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва огоҳлантириш талонини ҳам олиб, бу ҳужжатларни тоғасининг уйига олиб бориб яширган. У 33 миллион сўм пулларни банкка олиб бориб, омонатга топширган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Т.Усмоновдан ўғирланган бир дона темир сейф, М.Эргашевга тегишли ҳайдовчилик гувоҳномаси, огоҳлантириш талони, уй ҳужжатлари, бир дона тилла занжир ва АТБ “Агро банк” Ширин филиали томонидан берилган омонат дафтарчаси ашёвий далил тариқасида олинган.
Суд томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, Т. Усмоновга 5 йил олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш. Шамшиев,
Жиноят ишлари бўйича Зомин туман суди раиси