ЎзА Ўзбек

18.09.2018 19:03 Чоп этиш версияси

“Қўрқоқ олдин мушт кўтарар” ёхуд бир "думалаб" ЎзЛиДеП вакилига айланган фонд раҳбари

“Қўрқоқ олдин мушт кўтарар” ёхуд бир "думалаб" ЎзЛиДеП вакилига айланган фонд раҳбари ЎзА сайтида “ЎзЛиДеП партияси вакили “Миллий тикланиш” раҳбариятини сиёсий дебатларга тайёр эмасликда айблади” номли хабар эълон қилинди.

Унда “ЎзЛиДеП” партияси вакили, Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Саид-Абдулазиз Юсупов “Миллий тикланиш” демократик партияси вакилларининг аксарияти сиёсий дебатлар олиб боришга қодир эмас. Муаммо олиб чиқсанг ёки танқид қилсанг, партиянинг баъзи вакиллари ғояга қарши ғоя билан курашмасдан, шахсга ўта бошлайдилар”, деган иддао қилган.

Авваламбор, Саид-Абдулазиз Юсуповнинг “ЎзЛиДеП” партияси вакили эканлигини энди билдик. Унинг қачондан бери мазкур партия вакили бўлиб қолганлиги бизга қоронғи. Чунки “XXI аср” газетасининг бирор бир саҳифасида унинг партия вакили сифатида чиқишларини умуман учратмаганмиз.

Иккинчидан, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг на бирор раҳбарияти, на бир вакили партия позицияси юзасидан у билан дебат қилмаган. Зеро, “Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” кўрсатувида тўрттала сиёсий партиялар ўртасида бир нечта қонун лойиҳалари ва ижтимоий-сиёсий жараёнлар бўйича дебатлар ташкил этилган бўлса-да, уларнинг бирортасида Саид-Абдулазиз Юсуповни учратмаганмиз.

Наҳотки, Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Қўмита йиғилишларида қонун лойиҳаси юзасидан бўлиб ўтадиган дебатлардан хабари бўлмаса?! Шу билан бирга, фонд раҳбарининг у ёки бу сиёсий партия позициясини ҳимоя қилиши қанчалик мантиққа тўғри келади?

Тўғри, Саид-Абдулазиз Юсупов билан партиямиз вакиллари у ёки бу мавзуда ижтимоий тармоқларда фикрлашган бўлиши мумкин. Аммо, барака топгур, бу дебат эмаску?! Қолаверса, партиямиз раҳбариятининг ҳеч бири, ҳатто ижтимоий тармоқда ҳам Саид-Абдулазиз Юсуповнинг фикрларига бирор марта муносабат билдирмаган. Шу билан бирга, “шахсга ўтиш” партиямиз вакилларига хос фазилат эмас. 

Саид-Абдулазиз Юсупов интернет сайтларидаги бир чиқишида “биз қулоқ билан муносабат берамиз, ақл билан эмас”, деган эди. Жаноб Юсупов, партиямиз ҳақидаги фикрларингизни ўзингиздан келиб чиқиб билдирдингизми?

Ажабланарлиси, Саид-Абдулазиз Юсупов қачон “ЎзЛиДеП” партияси позицияси бўйича партиядошларимиз билан фикрлашган экан? Бир "думалаб" “ЎзЛиДеП” партияси вакили бўлиб олган фонд раҳбарининг фикрлари асоссиз ва нотўғридир. 
 
Хуллас, бир сўз билан айтганда, “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ҳар доим дебатга тайёр, биз Саид-Абдулазиз Юсуповни ЎзЛиДеП партияси позицияси бўйича теледебатга чақирамиз. 

  
“Миллий тикланиш” демократик партияси
Марказий кенгаши Ахборот хизмати

18 741