Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

24.04.2018 12:53 Чоп этиш версияси

"Ҳожатбарор" даллоллар жинояти

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг аксарияти фуқароларнинг қонундан ташқари иш кўриши, фирибгарларнинг алдовига илиниб қолиши туфайли содир этилаётгани ачинарлидир.

Янгийўл туманида яшовчи З.Мавлонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шериги, Чиноз туманида яшовчи Х.Салимов билан бирга фирибгарлик, алдов йўли билан тез ва осон пул топиш пайида бўлди. Улар Янгийўл ва Чиноз туманларида аҳолининг қорамолини насияга сотиб олиб, 15 кун – 1 ой ёки ундан ҳам кўпроқ муддатда бозор нархидан қимматроқ пул беришни ваъда қилиб, тушган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Фирибгарлар бу ишнинг охири вой бўлишини билса-да, ўз йўлларидан қайтмади.

Жорий йил 4 март куни фуқаро Ш.Комиловнинг 52 миллион сўмлик 8 бош қорамолини 60 миллион сўмдан ортиқ нархда баҳолаб олиб кетган ва пулларини ҳам, молларини ҳам шу кунгача қайтармаган. Чиноз туманида яшовчи фуқаро М.Алиевнинг 3 бош қорамолини 15 миллион сўмга, фуқаро З.Отаназаровнинг 2 бош қорамолини 6 миллион 500 минг сўмга, фуқаро С.Сатторовнинг 3 бош қорамолини 22 миллион 500 минг сўмга ва фуқаро Ғ.Фармоновнинг 4 бош қорамолини 13 миллион сўмга нархлаб олиб кетадию, ҳар доимгидек пулини келишилган муддатда беришни ваъда қилаверади.

Фирибгарлар одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, уларни чув туширишни канда қилмади. Қорамолларни сотишдан тушган пулларни эгаларига қайтаришни хаёлига ҳам келтирмади. Чув тушганини англаган жабрланувчилар ариза билан ички ишлар идораларига мурожаат қилди. "Бузоқнинг югургани сомонхонагача" деганларидек, олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фирибгарлар қўлга олинди. Тергов-суриштирув ишлари натижасида ушбу "ҳожатбарор" даллоллар ўтган вақт давомида 11 фуқарони алдагани аниқланди.

Содир этилган ушбу ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Профилактика инспекторлари давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жойларда аҳолининг қонунларни ўрганишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Юқоридаги каби жиноятлар қандай оқибатларга олиб келаётгани ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.

А.Мусаев, ЎзА
2 196