Қўқонда таксичилардан ноқонуний пул олиняптими?
Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳрида ноқонуний гуруҳ таксичилардан “доля” ундираётгани ҳақида видеолавҳа тарқалди.
Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳрида ноқонуний гуруҳ таксичилардан “доля” ундираётгани ҳақида видеолавҳа тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси суриштирув ишлари олиб борди. Ўрганиш давомида такси ҳайдовчиси билан номаълум фуқаро пул тўлаш юзасидан ўзаро оғзаки гап тортишиб жанжаллашган ва мазкур видеотасвир 2019 йилнинг 19 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида Қўқон шаҳри Фаробий кўчасида жойлашган “Қўқон савдо комплекси” МЧЖ ёнидаги автомобиллар тураргоҳидан шаҳардаги “Улуғбек Мега Транс” МЧЖ раҳбари томонидан 2018 йил январь ойидан буён ҳеч қандай ҳужжатларсиз йўналишсиз такси автомашиналари учун тураргоҳ сифатида фойдаланиб келгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шунингдек, назоратчи сифатида такси ҳайдовчиларининг шу жойдан автомашиналарига мижоз сифатида келган фуқароларни чиқариб, манзилларига етказиб қўйишлари учун ҳозирги кунда ҳар бир автомашинадан 5000 сўмдан пуллик хизмат олган. Тушган пулларни ноқонуний ишлаган ишчиларга шу ҳудудни тозалаш, ободонлаштириш мақсадида бериб ишлатиб келган.
2019 йилнинг 17 ноябрь куни соат 08:30 лар чамасида Қўқон шаҳри Фаробий кўчасида жойлашган “Қўқон савдо комплекси” МЧЖ ёнида жойлашган автомобиллар тураргоҳида фуқаро А.Х ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия-1” русумли автомашинасига икки нафар эркак киши ва икки нафар аёл кишини Қўқон шаҳридан Бешариқ тумани Андархон қишлоғи ҳудудида жойлашган “Андархон” чегара ўтиш масканига келишилган ҳақ асосида йўлга чиқмоқчи бўлган. Шу вақтда “Улуғбек Мега Транс” МЧЖ иш юритувчиси А.И. томонидан ушбу ҳудудга ҳеч қандай ҳужжатларсиз назоратчи сифатида ишлашга жалб қилинган М.М. фуқаро А.Х.дан кунлик тўлов учун 5.000 сўм миқдорида пул беришни талаб қилади. А.Х. буни рад қилгач, ўртада ўзаро жанжал келиб чиқади. Жанжал давомида М.М. А.Х.ни куракда турмас сўзлар билан сўкиб ҳақорат қилади. Шунда автомашина салонида бўлган бир нафар суриштирув жараёнида шахси аниқланмаган аёл киши М.М.га сўкинмаслигини тушунтиради. Лекин М.М. бу аёл билан ҳам ўзаро оғзаки гап тортишиб жанжаллашиб кетган. Ушбу жанжалга М.М.нинг шериги М.Р. ҳам қўшилиб, ушбу аёл билан оғзаки гап тортишиб жанжаллашиб кетади. Воқеа жойидаги фуқаролар томонидан улар тинчлантирилиб, жанжал тўхтатилган.
Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро А.Х. Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган бўлиб, ҳозирда мазкур аризага асосан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.