ЎзА Ўзбек

10.07.2020 Чоп этиш версияси

«Қўқон» ЭИЗда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда

«Қўқон» ЭИЗда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда

«Қўқон» эркин иқтисодий зонасида «KHAT DEСOR» хусусий корхонаси ва “Grand Art class” масъулияти чекланган жамияти иш бошлади.

Пандемия барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмаяпти. Шу боис карантинга мослашиш ва шундай шароитда ишлашга ўрганишни ҳаётни ўзи тақазо этмоқда. Фарғона вилоятида ҳам кичик бизнес ва тадбиркорлик муҳитига қулайлик яратиш, корхоналарни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини ўз муддатига амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. 

Корхоналарнинг барқарор ишлаши йўлида барча саъй-ҳаракатлар ишга солиняпти. Карантин даврида вилоятда 6 мингдан ортиқ саноат корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, белгиланган талабларга риоя қилинмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 205 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, 480 та лойиҳа ишга туширилди.

photo_2020-07-09_20-51-53.jpg

«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси бугунги кунда вилоятнинг қайноқ нуқтасига айланган. Ҳозирга қадар бу ерда умумий қиймати 279 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 85 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилди. 43 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида иқтисодий зона иштирокчилари томонидан жорий йилнинг январь-июнь ойларида 627,8 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 12,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 2 минг 480 та янги иш ўринлари яратилди.

Бугун мазкур ҳудудда 2 та янги корхона фойдаланишга топширилди. Унинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.

«KHAT DEСOR» хусусий корхонасида 1,5 миллион долларлик лойиҳа эвазига меламин қоғоз, ЛДСП, ЛДМФ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган корхонада йилига 70 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бор. Сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларга ички бозорда талаб катта. 

photo_2020-07-09_20-51-57.jpg

Айни кунларда бу ерда 50 нафар маҳаллий ёшлар меҳнат қилишмоқда.Корхона раҳбари Алпонжон Толиповнинг айтишича, лойиҳанинг иккинчи босқичи бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. Бир миллион долларлик лойиҳа ишга тушгач, юз турдан ортиқ гуллар босиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Вилоят ҳокими корхона фаолияти билан танишиб, мазкур лойиҳанинг муҳим жиҳатлари хусусида ўз муносабатини билдирди.

-Бугунги кунда юртимизда улкан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда, -деди вилоят раҳбари. –Мебелсозлик саноати учун зарур бўладиган янги корхонанинг маҳсулотлари бунинг учун жуда ҳам керак. Илгарилари булар фақат хориждан олиб келинарди. Бугун эса ўзимизда импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи янги корхона очилди. Биз лойиҳа ташаббускорини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

photo_2020-07-09_20-52-02.jpg

“Grand Art class” масъулияти чекланган жамияти йирик лойиҳани бажаришга киришди. Мазкур жамиятда томонидан биринчи босқич ишга туширилиб, пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

-Бу ерда биз 25 миллион долларлик 5 та лойиҳа бўйича ишларни бошлаганмиз, -дейди жамият раҳбари Содиқжон Солиев.-Сунъий тери ишлаб чиқариш тармоғини мустақиллик байрами арафасида ишга туширишни режалаштирганмиз. Шунингдек, нотўқима маҳсулотлар, пеносвилин, полеуритам каби хориждан олиб келинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш асосида шу ерда ишлаб чиқарамиз.

Вилоят ҳокими Ш. Ғаниев пойабзал тармоғи ва сунъий тери ишлаб чиқариш лойиҳасининг қурилиш-монтаж ишларини кўздан кечирди. Бу ерда иш бошлаган ёшларга ҳунар ўрганиш муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади.

3 677
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА