“Ҳокимнинг онаси” қўлга тушди
Хўжайли туманида ўзини “ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деб одамларни 645 миллион сўмга “ухлатган” аёл қўлга олинди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида ўзини “ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деб одамларни 645 миллион сўмга “ухлатган” аёл қўлга олинди, деб хабар бермоқда Хўжайли тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.
“Бундан бир неча кун олдин, М.Т. исмли фуқаронинг Хўжайли тумани ҳудудида фирибгарлик жиноятларини содир этиб юрганлиги ҳақида маълумот берган эдик. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган тезкор ишлар натижасида шубҳа остига олинган ҳолатлар ўз тасдиғини топди” дейилади туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.
Унда таъкидланишича, М.Т. муқаддам 5 маротаба фирибгарлик жиноятларини содир этиб, судланганига қарамай, 2018 йил декабридан 2019 йил августига қадар фуқаро С.Ж. билан танишиб, ўзини “Хўжайли тумани ҳокимининг опасиман, барча муаммоларингизни ўзим ҳал қиламан, ер олиб бераман ҳамда Нукус шаҳри Марказий бозоридаги бузилган 9 та дўконингизнинг пулларини ундириб бераман” деб алдов йўли билан ишончига кириб, унинг жами 645 миллион сўм нақд пулини қўлга киритган ва шу кунга қадар қайтариб бермай, чув туширган.
М.Т. мобил телефони орқали ўз овозини ўзгартириб гаплашган. Яъни “мен ҳокимнинг онасиман, ҳокимнинг опасиман” деган ҳийла-найранглари билан одамларни алдаган.
Ҳозирги вақтда Хўжайли тумани ИИБ терговчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик йўли билан жуда кўп миқдорда зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.Т. тегишли тартибда қамоққа олинган.