ЎзА Ўзбек

08.10.2020 Чоп этиш версияси

"Ҳокимингизга айтинг, менга қўнғироқ қилсин!"

"Ҳокимингизга айтинг, менга қўнғироқ қилсин!"

...Куз. Сарғайган баргларнинг бир бир ерга оҳиста тушиши кишини ўйлантириб қўяди. Ерпарчин бўлиб ётган баргларнинг устига шивирлаб ёғаётган ёмғир томчилари баргларни биллурдек товланишига хизмат қилмоқда. 

Ерда юрган ҳашаротлар ҳам жонсарак. Жуфт-жуфт бўлиб қаергадир шошмоқда. Шугиналар ҳам бир бирига меҳрибон. Жуда чиройли манзара... Хаёлимни «Менга ёрдам берадиган бирор жон борми-йўқми? Қачонгача сенларнинг ёрдамингни кутиб, қийналиб яшашимиз керак? Эшик қоқиб келмагунимизча, ёрдам беришни ўйламайсизлар ҳам? Ўзи ҳоким қаерда? Ўтган сафар келганимда менга қўнғироқ қилсин, дегандим. Нега қўнғироқ қилмади?» деган овоз бузди. Эркакнинг кейинги сўзлари менга эшитилмади.

Ҳайрон бўлдим. Шу пайтгача давлат идорасига келиб сўзлашишнинг ўзи хос этикаси бор деб ўйлар эканман.

– Сиз матбуот котибимисиз? Мен олтинсойлик блогерман. Ҳокимингиз ишлайдими-йўқми ўзи? Ишламаса, кетсин. Нима, у Шўрчининг шўрига бино бўлганми? Туманингизда ҳокимингиз емаган ҳеч қаер қолмади-ку. Манглайидан тер оқиб ишламагани учун ҳам қаерга қараманг, муаммо, қаерга қараманг, мурожаат. Уйсиз аёллар қийналиб юрибди. Ишласа, тузук ишласин. Бўлмаса республика газеталарининг биридан журналист чақиртириб, танқидий мақола чиқартираман.

– Яхшимисиз ўзи, бу нима деганингиз? Бироз тушунарлироқ қилиб гапиринг. Муаммога келадиган бўлсак, сизни қийнаётган муаммо нимада? Айтинг, ўрганамиз. Масалага ойдинлик киритамиз.

– Сиздан келадиган гап шу-да ўзи. Муаммо бўлса, ечамиз дейишдан нари ўтмайсиз. Адвокатликдан бошқа ишни ҳам эпланг-да энди. Ёнингизга икки фарзанди билан эри ҳайдаб юборган аёл боради. Зўр бўлсангиз, шунинг масаласини ҳал қилиб беринг-чи? Шундан кейин сизни ҳам, ҳокимингизни ҳам тинч қўяман.

Елкасида шўрчилик аёлларнинг муаммоларини кўтариб юрган олтинсойлик блогер юборган мурожаатчи аёл эшик қоқиб келди-ю, келганидан ўзи уялди.

– Аслида билиб туриб ноқонуний қурган икки хонали уйимиз учун болаларимнинг отаси билан судлашиб юрибмиз. Бунда туман ҳокимининг айби йўқ. Барака топсин, пандемия бўлишига қарамай, бир неча марта ёрдам берди. Фақат шу суд ишлари бироз чўзилиб кетди-да.

– Опа, олтинсойлик блогерга ҳокимимиздан норози эканлигингизни айтган экансиз?

– Норози эмасман. Нега норози бўлай? Фарзандларим учун моддий ёрдам ва уй қуриб олишим учун тўрт сотих ер берган бўлса. Уй қуришга имкониятим йўқлиги сабабли берилган ерга майда-чуйда экиб, деҳқончилик қилаяпмиз. 

Суд борасида айтган гапларимни ўша блогер нотўғри талқин қилганга ўхшайди. Ўзи «Ҳокимнинг матбуот котибининг ёнига боринг, сизга ёрдам беради» деганида, суд ишларига ҳоким билан матбуот котибининг нима алоқаси бор экан, деб ҳайрон бўлгандим. Синглим, хафа бўлманг. Ўзи охирги пайтларда аёлларнинг гап-сўзларини нотўғри талқин қилиб, интернетга жойлаштирадиганлар кўпайиб кетди. Ҳеч қачон ҳокимдан норозиман демаганман.

Тўғри, ечими кимгадир боғлиқ бўлган муаммонинг бартараф этилиши бироз мушкул. Шунинг учун ечимини кутаётган муаммолар кўпайиб бораётгани ҳам чин. Гарчи вазифамга кирмаса-да, инсонийлик нуқтаи назаридан суд раиси билан телефон орқали боғланиб, мурожаат юзасидан суҳбатлашдик. Суҳбатдошим ҳам яхши инсон экан, масалага доир фикрларини билдириш асносида икки норасида фарзанди билан турмушидан ажрашган аёлга имкон қадар ёрдам қилишини айтиб ўтди.

«Ҳм-мм! Яхши биргина мурожаатни салгина ижобийроқ ечибсиз. Бу билан мақтанманг». Нотаниш рақамдан телефонимга келган бу хабарни зўрға тушуниб олгунимча хабар эгаси қўнғироқ қилди.

– Битта фермернинг ерини ноқонуний равишда олиб қўйган ҳокимингиз зудлик билан ўзига қайтариб берсин. Акс ҳолда, боплаб туриб ижтимоий тармоққа чиқараман. Ўтган галги, эри йўқ аёлга ёрдам берганингиз учун хабаримни ижтимоий тармоқдан ўчирдим. Ери тортиб олинган фермер ҳақида ёзмай тураман. Агар ҳал қилмасангиз, ёзиб чиқараман. Айтганча, менинг рақамимни ҳокимингизга беринг, менга қўнғироқ қилсин...

Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Ўқиган-ўқимаган, тушунган-тушунмаган, мен блогерман деб раҳбарларни танқид қилаверса, камига «Менинг рақамимни ҳокимингизга беринг, менга қўнғироқ қилсин», деб турса, бу ҳаддини билмаслик эмасми?

Кейинги вақтларда аёлларимизнинг қадрини топтайдиган, раҳбарларни халқ орасида обрўсизлантирадиган, нотўғри талқин қилинган хабарларни тарқатиш урфга кирди. Уларнинг наздида гўё мутасадди идора ходимлари пашша қўриб ўтирибди. Аслида ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолаётгани йўқ. Имкон қадар фуқароларнинг манфаати ҳимоя қилиниб, уларга қонун доирасида ёрдам берилмоқда.

Тўғриси, ҳозирги пандемия ҳаммани толиқтириб қўйди. Ортиқча ҳаракат, ўринсиз гап-сўзлар ҳеч кимга ёқмаётгани ҳам бор гап. Аммо эҳтиёжманд оилаларни қўллаш, оилалар доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш бўйича бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шундай вақтда ўзини блогерман, деб атовчи ҳамюртларимиз сохта исмлар билан ёлғон хабар тарқатмасдан, карантинда қийналаётган фуқароларга холисона ёрдам қилса яхши бўларди.

Нигина ШОЕВА,
журналист

21 103
ЎзА