Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2018 17:23 Чоп этиш версияси

«...Менинг муҳаббатим ҳеч кимни бахтли қилмади...»

«Печорин қандай образ?», «Белланинг ўлими адолатдан эдими?», «Нима учун асар номи «Замонамиз қаҳрамони?» Шу ва бошқа кўплаб саволларга "Telegram" тармоғида ёшлардан таркиб топган "Intellect" гуруҳи аъзоларининг мутолаа ойлиги лойиҳаси доирасида январь ойида ўқилган Михаил Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» китоби юзасидан ўтказилган муҳокамада жавоб изланди. Асар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

– «...Менинг муҳаббатим ҳеч кимни бахтли қилмади...». Тагига чизиб ўқиладиган сатрлар, – дейди Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг учинчи курс талабаси Элмурод Абдукамолов. – Рус адабиётининг ёрқин вакилларидан бири – Лермонтов асарларида ўша давр руҳи сезилиб туради, реал ҳаёт манзаралари тасвирланади. Қаҳрамонлари эса янгича шароитда тарбияланган, замонасоз шахслар, улар ички олами инсон руҳий кечинмаларининг тасвирига бой. Адибнинг 1840 йилда нашр этилган “Замонамиз қаҳрамони” китоби сўзбошисида шундай дейилади: “Замонамиз қаҳрамони”, муҳтарам афандилар, ҳақиқатан ҳам портрет, лекин бир кишиники эмас, бу – бутун авлодимизнинг тўла равишда кўрсатилган қусурларидан яралмиш бир портрет”.

Китоб мутолааси юзасидан ўтказилган танловда Элмурод Абдукамолов ғолиб, деб топилди ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

– Бугунги муҳокамамиз ҳақиқатда қарама-қаршиликларга бой бўлди ва қизиғи шундаки, китобхонлар томонидан бир-бирига зид равишда билдирилган ҳеч бир фикр ҳақиқатдан йироқ эмас эди, – дейди лойиҳа ташкилотчиларидан бири Жавоҳир Шамсиддинов. – Бу эса гуруҳимиз китобхонларининг мустақил ва мантиқли фикр юритиш қобилиятига эга эканлигидан далолат. Ўйлайманки, бугунги муҳокамадан кўп нарса олдик, асар ҳақида мукаммал хулосага эга бўлдик...

Завқиддин, Феруза, Элмурод исмли қатнашчилар муҳокамада ўзларининг теран фикрлари, мулоҳазалари билан ажралиб турди ва ўтган ойнинг энг савияли китобхонлари, дея таъкидланди. Февраль ойида мутолаа қилиниши учун истеъдодли ёзувчи Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” романи танланди.

Маълумот ўрнида: якунланган йилда гуруҳ аъзолари томонидан кўплаб интеллектуал ўйинлар, мутолаа ойлиги лойиҳалари, китоблар бўйича баҳслар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳамда кам таъминланган оила фарзандларига мўлжалланган китоб ўқиш акциялари ўтказилди. Хусусан, мутолаа ойлиги лойиҳаси доирасида ўн олти асар муҳокамаси ўтказилди.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Илёс Сафаровнинг айтишича, жорий йилда лойиҳалар кўлами янада кенгайтирилмоқда. Жумладан, МТРК "Маданият ва маърифат" телеканалида мутолаа ойлиги лойиҳаси доирасида кўрсатув тайёрланиб, эфирга узатилмоқда. Шунингдек, «Уйга вазифа» номли болалар журналида гуруҳ фаолиятини ёритиб бориш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
6 496