Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.03.2017 16:56 Чоп этиш версияси

Сурхондарё вилоятида аскарлар қасамёд қабул қилди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган аскарларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда офицер ва сержантлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг ота-оналари иштирок этди.

Подполковник В.Дадажонов, “Нуроний” жамғармаси Жарқўрғон тумани бўлими раиси С.Асатуллаев, аскар онаси М.Мадумарова ва бошқалар замонавий қурол-яроғ, техника билан жиҳозланган миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, мамлакатимиз тинчлигини таъминлаш, фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраш ёшларимиз учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишига айланганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизнинг жанубий сарҳадларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган ана шундай ўғлонлардан бири Анвар Абдунабиев Тошкент вилоятининг Пискент туманидан. Ёшлигидан ҳарбий либос кийишни орзу қилган Анвар ўқиб, изланиб, маънавий-жисмоний чиниқди. Пискент маиший хизмат ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежини тугатиб, муддатли ҳарбий хизматга тайёргарлик кўрди. Унинг аскарлар ҳаётидаги энг шарафли воқеа – тантанали ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этган ота-онасининг қувончи чексиз.

– Конституциявий бурчимни ўтаб бўлгач, олий ҳарбий таълим муассасаларидан бирида ўқиб, Ватанимиз тинчлиги, оилаларимиз осойишталиги йўлида хизматни давом эттирмоқчиман, – дейди А.Абдунабиев. – Бугун қабул қилган ҳарбий қасамёдимга бир умр содиқ қоламан.

Ҳарбий қисмда аскарларнинг ўз бурчини юксак даражада ўташи учун зарур қулайлик яратилган. Бой китоб фондига эга кутубхона, спорт майдончалари, спорт зали аскарлар ихтиёрида. Ўқув-тактик машғулотлар замонавий усулда амалга оширилади.

– Ўғлим келажакда моҳир таржимон бўлишни орзу қилади, – дейди Андижон вилоятининг Бўз туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Шоҳруҳбек Қодировнинг отаси Зуҳриддин Тожибоев. – Шу мақсадда инглиз тилини ўрганди. Ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги ва фарзандларимиз камолоти йўлида чексиз ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда аскарларни жасоратга ундовчи шеърлар ўқилди. Тинчлик, Ватан ва обод турмушни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
948






Все о погоде - Pogoda.uz