ЎзА Ўзбек

14.08.2018 09:36 Чоп этиш версияси

Ўқитувчиларнинг ойлиги оширилди, уларга автокредитлар берилади

Ўқитувчиларнинг ойлиги оширилди, уларга автокредитлар берилади
Ниҳоят, кутилган чора-тадбирлар амалга ошириладиган бўлди. 

“Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари ва ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

2019 йил 1 январдан олий тоифали ўқитувчилар учун 1,25 бараварга, биринчи тоифали ўқитувчилар учун 1,2 бараварга, иккинчи тоифали ўқитувчилар учун 1,15 бараварга, мутахассис ўқитувчилар учун 1,1 бараварга, директор, унинг ўринбосарлари, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначилари учун 1,1 бараварга оширилди.

Устамалар, синф раҳбарлиги ва дафтар текширганлик учун тўланадиган тўловларни ҳисобга олган бошланғич синф ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари тоифалар бўйича ўртача ҳисобда 24 фоиздан 39 фоизгача, юқори синф фан ўқитувчиларининг базавий тариф ставкаси 37 фоиздан 49 фоизгача, мактаб директори ва уларнинг ўринбосарлариники ўртача 27 фоизга, ахборот-ресурс маркази (кутубхона) мудирлари ва кутубхоначиларники ўртача 26 фоизга оширилди.

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирликлари мактабдаги ўқувчилар сони 250 нафаргача бўлганда 1 штат бирлиги, 250 нафардан 800 нафаргача 1,5 штат бирлиги, 800 нафардан 1600 нафаргача 2 штат бирлиги, 1600 нафардан 3000 нафаргача 2,5 штат бирлиги, 3000 нафардан ортиқ бўлса 3 штат бирлиги этиб белгиланди.

Шунингдек, мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 2018 йил 1 сентябрдан мутахассис ўқитувчилар базавий тариф ставкаларининг 90 фоизига тенглаштирилди ҳамда 2019 йил 1 январдан 1,1 бараварга оширилди. Натижада мактаб психологларининг базавий тариф ставкалари 96 фоизга ошди.

Қарорда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорда ҳар йили қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларнинг бир қисмини халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга 25 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити сифатида бериш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар бериш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш белгиланди.

Қарорда 2018-2020 йилларда педагоглик касбининг юксак ижтимоий мавқеи ва обрўсини тарғиб қилувчи “Ўқитувчи ва мураббийлар хиёбонлари”ни ташкил этилиши белгиланди.

Қарорнинг яна бир ўзига хос жиҳати 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари, шу жумладан ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият мактаб-интернатлари, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига олтин ва кумуш медалларни бериш тартиби жорий қилинди.

Тегишли вазирлик ва идораларга умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим, мактабдан ташқари таълим соҳасига давлат-хусусий шерикликни жорий этиш, жаҳондаги олий таълим муассасаларининг рейтингида 1000 талик рўйхатга кирадиган хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларини ёки факультетларини Ўзбекистон Республикасида лицензия олмасдан ва бошқа имтиёзли шартларда ташкил этиш масаласини ўрганиб чиқиб, илғор халқаро тажрибалар асосида таклиф киритиш топшириғи берилди.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналидан олинди.

ЎзА
44 752