ЎзА Ўзбек

15.08.2018 12:34 Чоп этиш версияси

Ўқитувчиларга қўшимча пул мукофоти бериш тартиби ҳам жорий қилинади

Ўқитувчиларга қўшимча пул мукофоти бериш тартиби ҳам жорий қилинади

Педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини жорий қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Президентнинг 2018 йил 14 августда қабул қилинган “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўқитувчилик касбининг нуфузини оширишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Хусусан, ушбу ҳужжатда Халқ таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига икки ой муддатда ҳудудий, республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларга энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан 50 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти бериш тартибини жорий қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва асосий фаолияти бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш,таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагог кадрларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларига қарашли санаторий-соғломлаштириш муассасаларида имтиёзли шартларда соғломлаштириш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланди.

Ушбу чора-тадбирларнинг самарали ҳаётга тадбиқ этилиши жамиятда ўқитувчилик касбининг нуфузини юксалтириш билан бирга, таълим-тарбия сифатини ҳам оширишга хизмат қилади.

ЎзА
6 469