Ўқитувчиларга лицензия бериш тартибига партиялар қарши чиқмоқда
2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар учун мажбурий касбий лицензиялаш тартиби жорий этилиши кутилмоқда.
2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар учун мажбурий касбий лицензиялаш тартиби жорий этилиши кутилмоқда.
Лицензиялаш тартиби бўйича ижтимоий тармоқларда турлича фикрлар билдирилмоқда. Бу борада сайловга тайёргарлик кўраётган партиялар нима дейди? Улар лицензиялаш тартиби қўлланишини оқлайдими?
Бугун, Халқаро матбуот марказида ташкил этилган навбатдаги Пресс-кофе мулоқотида айни масала кўтарилди. Ўқитувчиларни лицензиялаш тартиби бўйича партиялар вакиллари ўз муносабатини билдиришди.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиласи Мунира Қаҳҳорова лицензиялаш тартибини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. “Ўқитувчиларни лицензиялаш таълим соҳасида коррупцияни вужудга келтиради. Ўқитувчилар фанга меҳр бериш ўрнига фақат лицензия олишни ўйлаб қолади. Шу боис бизнинг партия Халқ таълими вазирлиги томонидан илгари сурилган ўқитувчиларни лицензиялашга қарши“, дейди Мунира Қаҳҳорова.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаш раисининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Баҳром Бурҳониддинов бу борада шундай деди: “ Ўқитувчиларни лицензиялаш, сертификатлаш қоғозбозликни кўпайтиришдан бошқа нарса эмас. Таълимдаги муаммоларни бу йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Мактаблараро ва ўқитувчилар ўртасида рақобатни кучайтириш лозим”, дейди у.
Ўқитувчиларни лицензиялаш тартиби бўйича Олий Мажлис қонунчилик палатаси вакиллари ҳам ўз эътирозларини билдирди.
"Палата вакили айтишича, Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни лицензиялаш ҳақида эълон қилишдан олдин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис қонунчилик палатаси билан келишмаган. Шунингдек, ўқитувчиларни лицензиялаш монополияни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлади вакил.