ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

Ўқитувчилар телеграм группаларда машғулот олиб бормоқда

Ўқитувчилар телеграм группаларда машғулот олиб бормоқда

Бугун мактабларда дарслар тўхтатилди, ана энди дарслар бошлангандан кейин тўхтатилган дарслар жойидан давом эттириладими, деган савол кўпчиликни қизиқтираётгани аниқ.

Янгиликларни, берилаётган маълумотларни кузатиб боряпман. Дарслар тўхтатилган кун, яъни 16 мартдан 20 мартга қадар, ўқув йилининг 3- чорак якунига тўғри келганлиги сабабли, бу даврда ўқув дастурига асосан аксарият мавзулар такрорлаш ёки ўтилган мавзуларни мустаҳкамлашга қаратилгани маълум қилинди.

Шу боис карантин режими тугатилиб, дарслар бошлангандан кейин айнан тўхтатилган мавзудан бошлашга эҳтиёж қолмаслиги мени қувонтирди. Бундан ташқари, ҳозир интернетдан деярли барча ота-она фойдаланади.Синф ўқитувчилари кунлик дарсларни ота-оналарга телеграм группалари орқали тушунтириб бораяпти. Улар карантин экан, деб шунчаки томошабин бўлиб ўтиришгани йўқ. Ўқувчилар учун тайёрланаётган телевизион дарслар орқали баъзи бўшлиқлар тўлдириб кетилиши ҳақида ҳам билдирилди. Телевизион дарслар ўқув йилининг 4-чорагига режалаштирилган мавзулар асосида тайёрланаётган экан. Ўқувчилар телевизион дарслар орқали ўзлаштира олмаса-чи, деган қўрқувим бор. Қизимнинг устози билан боғландим. Агар ўқувчи бу жараёнда олган билимлари қониқтирадиган даражада бўлмаса, ўқув жараёнлари бошлангач, албатта, фан ўқитувчилари кўмаклашар экан.

Аслида ўқитувчиларимизга “сабрингизга қойил, отангизга раҳмат”, деб юборяпман. Ўқувчи билан ишлаш анча қийин иш экан. Гарчи у ўз фарзандларим бўлса-да, ҳар бир фандан алоҳида топшириқларни бажаришини кузатиш, тушунмаган жойини тушунтириш у қадар осон эмаскан. Тўғриси, ўқитувчи касби, мен ўйлаган каби осон эмаслигини англадим.

Дилноза Қурбонова,
уй бекаси. Тошкент шаҳри.

935
ЎзА