ЎзА Ўзбек

21.06.2018 12:47 Чоп этиш версияси

Ўқитувчилар қоғозбозлик ва мажлисбозликдан озод этилади

Ўқитувчилар қоғозбозлик ва мажлисбозликдан озод этилади
Ўқитувчининг асосий вазифаси болаларга билим бериш. Лекин шу пайтгача уларнинг турли ишларга жалб этилишидан ташқари уларни тез-тез турли мажлисларга чақириш, турли қоғозларни тўлдиришга мажбурлаш амалиётнинг кенг ёйилгани ўқитувчининг ўз устида ишлашга деярли вақти қолмаслигига сабаб бўлди. Ахир дарсдан кейин тўрт соатлаб турли ҳисоботлар тўлдирган одамнинг бошқа иш қилишга вақти ҳам қолмайди. Бундай салбий ҳолатларга энди бутунлай чек қўйиш керак. 

Ушбу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан халқ таълими тизимини тубдан ўзгартириш, уни замон талабларига мувофиқ такомиллаштириш борасида қўйилган вазифалар ижросига бағишлаб Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида билдирилди. 

Бош вазир Президентимизга ҳам маъқул келмаётган бу каби ишларга Халқ таълими вазирлигига тайинланган янги раҳбарлар чек қўйиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада янги вазир Ш.Шерматовга зарур топшириқлар берилди. 

Бундан буён мактаблар фақат бевосита Халқ таълими вазирлиги томонидан қўйилган вазифаларни бажаради. Ҳокимлар ёки бошқа мансабдор шахслар таълим тизимига ўз ҳукмини ўтказишига йўл қўйилмайди. Айниқса, улар томонидан халқ таълими тизими ходимларини мажлисларга чақириш ман этилади. 

Видеоселектор йиғилиши тафсилотлари билан батафсил танишиш учун сайтимизни кузатиб боринг.

Норгул Абдураимова, ЎзА
6 420