ЎзА Ўзбек

11.01.2020 Чоп этиш версияси

Ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди, прокурор эса ундан кечирим сўради. Аслида нима бўлган эди?

Ўқитувчи 25 йилдан сўнг оқланди, прокурор эса ундан кечирим сўради. Аслида нима бўлган эди?
ЎзА сайтида Фарғонада бўҳтон қурбони бўлиб, суд ҳукми билан оқланган ўқитувчи ҳақида хабар берилган эди. Хўш, оддий қишлоқ ўқитувчиси нега қамалди, унга қандай айб қўйилган эди? 

Мухбиримиз Риштон тумани “Хўжа илғор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, йиллар давомида ноҳақлик жабрини чеккан Турсунхўжа Абдураҳмонов билан суҳбатлашди.

– 1994 йилда туманимиздаги 27-мактабда илмий бўлим мудири бўлиб ишлардим, – дейди Т. Абдураҳмонов. – Ўша пайтда ўқитувчиларнинг ойлиги жуда кам, эътибор ҳам умуман йўқ эди. Баъзи ўқитувчилар тирикчилик ўтказиш учун дарсдан сўнг бошқа туманларга бориб мардикорлик ҳам қилишарди. Ўқитувчиларнинг аҳволи жуда оғирлашиб қолганди. Жамоамиз келишган ҳолда ўқитувчиларнинг бу ҳолати ҳақида Президентга маълум қилайлик, ўқитувчиларга эътибор бўлиб қолар деган мақсадда хат ёздик. Чунки ўқитувчининг ҳеч нарсада эҳтиёжи бўлмаслиги керак-да. Шундай бўлса, таълим-тарбияда ҳам самара бўлади. Бир марта хат ёздик, жавоб бўлмади, кейин иккинчи марта ҳам ёзиб “ойлигимизни ошириб беринглар” дедик. Шундан сўнг, Президент девони, Халқ таълими вазирлиги ва бошқа жойлардан келишиб, мактабимизда йиғилиш ўтказилди. Қийин шароитларни кўриб, тан олишди, “Сизларга амалий ёрдам берамиз” дея ишонтириб кетишди.

Ўша пайтда барчамиз жуда хурсанд бўлган эдик. Аммо бу узоққа чўзилмади. Менга нисбатан тазйиқлар бошланди. Дастлаб туман ички ишлар бўлими, кейин вилоят ИИБ масъуллари чақириб, бўлар-бўлмас важлар билан руҳий ва маънавий қийнашга тушишди. Аммо бундан ўзлари кутган натижа бўлмагач, уйимда тинтув ўтказишди. Тинтув жараёнида ўзим кутмаган нарса содир бўлди. Хонадонимдан қирқма ов милтиғи ва кўкнори аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Рости, ўша пайтда ўзим карахт ҳолатга тушиб қолдим. Чунки милтиқ ушлаш тугул ҳатто қўлимга чўзма ҳам олмагандим, чекиш ва ичиш ҳам менинг турмуш тарзимга ёт нарса эди. Шундан сўнг, тергов ишлари бошланиб, менга ўйлаб топилган иш бўйича айбловлар қўйилди. Августдан бошланган бу ишлар ноябргача ҳам якунига етмади. Тергов ҳибсхоналаридаги азобларни эслаш мен учун ниҳоятда оғир...

Биринчи ўтказилган суд менда жиноят аломатлари етарли бўлмагани учун қайта терговга қайтарди. Аммо прокуратура буни рад этиб, ишни бошқа туман судига оширди. Мен ўша пайтда қандай бўлса-да, қамоқдан тезроқ чиқиш ҳаракатига тушиб қолгандим. Сабаби, катта ўғлим давлатимиз томонидан АҚШга ўқишга кетган эди. У мендан илҳақ бўлаётганди. Бир танишим “судда ҳеч бўлмаса уйингда кўкнори борлигини тан олсанг, енгиллик бермоқчи” деганидан сўнг, бу айбловни тан олдим. Суднинг ҳукмига кўра, бир дона қирқма ов милтиғини ётоқхонасидаги ёстиқ остида ва 41 грамм кўкнор бошоқларини меҳмонхонасидаги дераза токчасида қонунга хилоф равишда сақлаганликда айбланиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб қилиндим.

35 йил давомида таълим соҳасида меҳнат қилдим. Фарзандларимни барчасини ўқитдим. Нафақага чиқиб ҳам уйда ўтирганим йўқ, доимо эл орасидаман. Аммо юрагимда бир армон бор эди. Бу ноҳақлик қурбони бўлганим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев инсон шаъни ва қадр-қимматига эътибор қаратгани мени ҳам дилимда умид уйғотди. Одамларнинг дарди эшитилиб, халқ билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши муҳим қадам бўлди. Судларда оқлов бошланди. Мен ҳам судга мурожаат қилдим ва адолат қарор топди. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди кассация судлов ҳайъати томонидан Бағдод туман судининг 1994 йил 20 декабрда менга нисбатан чиқарган айблов ҳукми бекор қилинди. Президентга бир энлик хат ёзиб, туҳматга қолганимни кўпчилик яхши биларди. 

Бу ҳаётда пок бўлиб умр кечириш –ҳар бир инсоннинг энг катта орзуси. Ҳеч ким тамға билан дунёни тарк этгиси келмайди. Айниқса, у адолатсизликка учраб, йиллар давомида унинг азобини чекиб келган бўлса. 25 йилдан сўнг елкамдаги катта тоғ ағдарилди. Бугун мендан бахтли инсон йўқ. Буларнинг барчаси учун Президентимиздан миннатдорман. Ўтган йили давлатимиз раҳбарининг Қўқон шаҳридаги “Алломалар музейи”да вилоят фаоллари, нуронийлар ва зиёлилар билан бўлган мулоқотида мен ҳам иштирок этиб, самимий тилакларимни билдирдим. Бугун “Нуроний” жамғармаси Риштон туман бўлими раиси сифатида қайноқ ҳаёт оқимида эканлигим менга доимо куч-қувват бағишлайди.

ЎзА мухбири Маъсуджон Сулаймонов 
суҳбатлашди​.

22 561
ЎзА