Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.08.2018 21:26 Чоп этиш версияси

“Қирғизистон – Ўзбекистон ёшлар форуми”: Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларига дунё эшикларини очишда давом этади!

“Қирғизистон – Ўзбекистон ёшлар форуми”: Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларига дунё эшикларини очишда давом этади!
Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи соат сайин ўсиб боряпти. Бунга шубҳа йўқ. Табиийки, мамлакатимиз Президентининг тўғри ва узоқни кўзлаган одилона сиёсати бу борада муҳим мезон бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бугуннинг ўзида ижобий самарасини бера бошлади. Ёшлар дунёни кўриб, тажриба ва малака оширмоқда. 

Жорий йилнинг 25-28 июль кунлари Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати қошидаги ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича Давлат агентлиги вакиллари иштирокида “Қирғизистон – Ўзбекистон ёшлар форуми” бўлиб ўтди. Форумда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари бошчилигидаги 10 нафардан иборат делегация иштирок этди. 

photo5409061570857773408 (1).jpg

Форум доирасида икки давлатнинг чегарадош ҳудудлари вакиллари иштирокида чегарадош вилоятлар, туманлар ҳамкорлиги масалалари мукокама этилди ҳамда спорт, маданият, туризм каби соҳаларда алоқаларни амалга ошириш бўйича тақдимотлар қилинди.

Форум якунига кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати қошидаги ёшлар, жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўйича Давлат агентлиги ўртасидаги имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги англашув Меморандуми доирасида “Икки томонлама ҳамкорликни амалга ошириш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган тадбирлар режаси” имзоланди. 

Эндиликда икки давлат ёшлари ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида турли тадбирлар, форум ва фестиваллар, давра суҳбатлари ўтказиш белгилаб олинди. 

photo5409061570857773409.jpg

Сафар давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегация аъзолари Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл шаҳрида жойлашган маданий масканлар ва туристик ҳудудларни зиёрат қилишди. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи халқаро алоқалар ва ёшлар туризмини ривожлантириш йўналишида бугунги кунга қадар Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Германия, Озарбойжон, Туркия, АҚШ, Беларусь каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. 21 маротаба хорижий сафарлар амалга оширилиб, 490 нафар ёш етакчилар халқаро тажриба алмашиш ва малака ошириш имкониятига эга бўлишди. 
Шунингдек, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки, ШҲТ, МДҲ, ТИКА, БМТТД, Конрад Аденауэр номидаги фонди ва бошқа халқаро ташкилотлар билан хамкорлик алоқалари йўлга қўйилди ва бир неча учрашув, давра суҳбатлари ва конференциялар ташкиллаштирилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг стратегик ҳамкорлари билан 8 та англашув Меморандуми имзоланди. 

Гулчеҳра Ашурова

ЎзА