ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

“Доирадан ташқари” қишлоқ”

 “Доирадан ташқари” қишлоқ”


Бир пайтлар инсонлар учун орзу бўлган, уларни ҳайратга солган “ақлли” технологиялар бугунга келиб ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал кириб бормоқда. Турли корхонаю ташкилотлар, хизмат кўрсатиш масканларида “Smart” қурилмаларидан фойдаланиш одатий ҳолга айланди. Хизмат кўрсатишнинг инсон омили аралашмайдиган бу каби ахборотлашган шакли мамлакатимиз аҳолисига қулайлик яратиш баробарида, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйиб, тизимларда амалга оширилаётган жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистон газетасида эълон қилинган “Smart Qurilish: тезкор ва замонавий назорат тизими” сарлавҳали мақолада шундай мулоҳазаларни ўқийсиз. Материал муаллифи, таҳририят мухбири Ирода Тошматованинг ёзишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида жорий йилнинг январь ойидан тест режимида синовдан ўтказилаётган ана шундай замонавий технологиялардан бири — “Smart qurilish” комплекс ахборот тизими ҳам июнь ойидан тўлиқ амалиётга татбиқ этилди.

...Муайян даврлар оралиғида Ватанимиз ҳудудидан буюк сиймолар етишиб чиққан. Улар башарият тараққиётига улкан ҳисса қўшишган. Буни кўпчилигимиз яхши биламиз. Лекин табиий бир савол туғилади: ушбу инсонлар ақл-тафаккур, илм-фан, маънавият-маърифат бобида қандай қилиб бундай олий мақомларга эришган? Улар қаерда ўқиган, кимлардан таълим олган?” Халқ сўзи газетасида Дилшод Каримовнинг Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов билан уюштирган “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон” сарлавҳали суҳбатида ушбу саволларга жавоб топасиз. Хусусан, материалда қайд этилишича, тарихчи-олимлар, илм-фан намояндалари, халқаро экспертлар Самарқанд давлат университетини 1420 йилдан фаолият кўрсата бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг вориси, деб ҳисоблайдилар.

Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси “Адиблар хиёбони – маърифат бўстони” доимий рукни остидаги “Муаззам ижодиёт тимсоли” номли мақола билан бошланган. Унда Навоий ҳайкали тимсолида даҳо шоир сийрати ҳақида сўз боради. Жамолиддин Муслимнинг “Барака дарвозаси” публицистик материалида эса Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифидан кейинги мулоҳазалар ҳақида ўқийсиз. Ошиқ Эркин ва Сағима Солиҳованинг туркум шеърлари, адиб Шойим Бўтаевнинг “Уруғ” номли ҳамда таниқли журналист Абдужалол Тайпатовнинг “Чоллар” номли воқеий ҳикоялари ҳам газета саҳифаларидан жой олган.

Қишлоқда яшайдиган одам шаҳарни, шаҳарда яшайдиганлар бўлса, қишлоқни қўмсайди. Тўғри-да, маза-маза шаҳарликларга маза. Ток бор, газ бор, иссиқ сув, совуқ сув бор — барчаси муҳайё бўлса. Яна нима керак? Ҳар куни бозор. Бай-бай. Фақат пул бўлса бас. Аммо ёзнинг саратонида каталакдек хонада диққинафас бўлиб қишлоқни, кенг участкани орзу қилади. Очиғини айтганда, шаҳарда ҳам, қишлоқда ҳам яшашнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Лекин қишлоқда... ” Жамият газетасида босилган “Доирадан ташқари” қишлоқ” сарлавҳали мақола ана шундай мулоҳазалар билан бошланади. “Томошабин йиғиш учун уят-андиша йиғиштирилдими?” номли материалда эса айрим телеканалларда эфирга узатилаётган “Очиқчасига гаплашамиз”, “Мени кечир” каби ток-шоуларда одамлар ўз бахтсизлиги ҳақида “оғиз кўпиртириб” гапиришга одатланиб қолгани танқид остига олинади.

Ватанпарваргазетасида “Эгасига берилмаган “қорахат” ёхуд жасур жангчи Ҳадиябой Муродов ҳақида очерк” берилган. Унда ёзилишича, колхозга Ҳадиябой Муродовнинг урушда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида “қорахат” келади. Раис почтачидан бу хабарни эшитиши биланоқ колхоз фаолларини ёнига тўплаб шундай дейди: “Бу ҳақда ҳеч кимга билдирмай турамиз. Ҳадиябойнинг онаси кекса, ҳам касалманд, бу ғамни кўтара олмайди. Эҳтимол англашилмовчилик бўлгандир...”. Аммо ўзи ҳақидаги гап-сўзлардан бехабар Ҳадиябой бу вақтда ҳарбий госпиталда даволанаётган эди...

Бугун жаҳон сиёсатчилари, олимлар, умуман, башариятнинг эртанги тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон томонидан терроризм, диний экстремизм, гиёҳвандлик, гиёсиёсий тўқнашувлар, экологик муаммолар, моддий ва маънавий инқирозлар қаторида коррупция ҳам энг хатарли воқелик сифатида ташвиш билан тилга олинмоқда, — дейилади Куч — адолатда газетасида босилган “Коррупция: унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти мувофиқлаштирилади” сарлавҳали материалда. — Бу бежиз эмас, албатта. Чунки коррупция жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир...”

***

Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

ЭСЛАТМА: келаётган якшанбада ҳафта давомида матбуотда қайси мавзулар қандай ёритилганини “Адолат” газетаси Бош муҳаррири Ислом Ҳамроев шарҳлайди.


4 263
ЎзА