ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

​"Чинобод"даги завқли оқшом

​"Чинобод"даги завқли оқшом
Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" мавзусида туркум маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. 

Пойтахтимиздаги "Чинобод" сиҳатгоҳида ана шундай ижодий тадбир Маданият ва санъат кўргазмаси, Ўзбекистон Бадиий академияси Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Тадбир аввалида дастлаб миниатюра, кулолчилик, хаттотлик, сомон санъати йўналишида маҳорат дарслари ташкил этилиб, шу ернинг ўзида амалий санъатга оид кўргазма ҳам ўтказилди. Маълумки, миниатюра санъати қадимги нодир қўлёзмаларни зийнатлаш билан бирга, мазкур асарлардаги илғор ва эзгу ғояларни, олижанобликка интилиш, гўзаллик тўғрисидаги тасаввурни ифодалашга ҳам хизмат қилади. Хаттотлик энг нафис санъатлардан бири саналиб, китоб кўчириш, меъморий иншоотлар, бадиий буюмлар китобатини яратиш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда кулолчилик, сомондан бетакрор тасвирий асарлар яратиш ҳам улкан дид, билим, сабр ва маҳорат талаб этади. 

– Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган тадбирлар маҳаллалар, сиҳатгоҳларда фаол ўтказилмоқда, – деди Маданият вазирлиги Маданият ва санъат кўргазмаси бўлим бошлиғи Жасур Жабборов. – Мазкур ижодий лойиҳани ўтказиш учун сиҳатгоҳ бежиз танланмади. Бу ерда асосан соғломлаштириш муолажаларига кўпроқ эътибор қаратилади. Мусиқа, нафис санъат эса негадир эътибордан сал четроқда бўлади. Бетакрор санъатимиздан одамларни баҳраманд этиш улар учун икки карра фойдалидир. 

– Бундай маданий тадбирлар соғломлаштиришга доир муолажалар учун айни муддао бўлмоқда, – деди бухоролик онахон Муяссар Бобоқулова. –Чинакам санъат инсон саломатлиги учун, айниқса, унинг руҳий ҳолати учун катта ва ижобий таъсир қувватига эга эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. 

Маданий-маърифий тадбирда Ўзбекистон давлат филармониясининг бадиий жамоалари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури ҳам намойиш этилди. 

6 160
Н.УСМОНОВА, ЎзА