Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.12.2017 15:56 Чоп этиш версияси

500 бўш иш ўрни таклиф қилинган ярмаркада 63 киши ишга йўлланма олди

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан Қўшкўпир ва Хива туманларида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналиши экани таъкидлади.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ишсиз фуқаролар, уюшмаган ёшлар, чет давлатда ишлаб қайтган ҳамда жазодан озод этилган шахслар бандлигини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган бўш иш ўринлари ярмаркалари муҳим аҳамият касб этаётир.

– Бўш иш ўринлари ярмаркалари ҳудудларда ташкил этилаётгани, айниқса, қишлоқ ёшларига катта амалий ёрдам бўлмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Темуров. – Менга бириктирилган сектордаги 100 маҳалла фуқаролар йиғинида уйма-уй юриб, энг долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни жойида бартараф этиш, туман ва вилоят миқёсида ҳал қилиниши керак бўлган масалалар юзасидан таклифлар тайёрлашга эришилмоқда. Натижада жуда кўплаб оилавий, ижтимоий-маиший муаммолар бартараф этилаётир. Меҳнат миграцияси, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, ишсиз фуқаролар иш билан таъминланмоқда.

Меҳнат ярмаркасида Қўшкўпир, Хива туманлари ва Хива шаҳрида фаолият юритаётган 165 корхона ва ташкилот 500 дан ортиқ бўш иш ўрни билан қатнашди. Ярмаркада касб-ҳунар коллежлари битирувчилари, ишсиз юрган фуқаролар ҳамда уюшмаган ёшлар бандлигига кўмаклашиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этишда амалий ёрдам кўрсатиш, хусусий бизнесини йўлга қўйишда кенг имкониятлар яратиш учун вилоятдаги тижорат банклари ҳам иштирок этди.

– Бундан 4 йил олдин Хива тумани тиббиёт коллежини тамомлаганман. Айни пайтга қадар бир неча жойга иш сўраб мурожаат қилдим, лекин амалий натижа бўлмади, – дейди қўшкўпирлик Ибода Қутлиева. – Бугунги ярмаркада тумандаги 40-умумтаълим мактабига ҳамшира бўлиб ишга жойлашдим. Бу каби тадбирлар биз, ёшларга жуда катта ёрдам беришига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

– Маълумотим ўрта махсус, икки йил олдин коллежни тугатганман, – дейди Муҳаммад Мирзаев. – Мутахассислигим бўйича иш топа олмаганим сабаб бир муддат хорижга бориб ишлаб қайтдим. Бугунги меҳнат ярмаркасида тумандаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирига ишга йўлланма олдим. Бундан жуда хурсандман.

Меҳнат ярмаркасида 63 кишига ишга йўлланма берилди, 40 иштирокчи маҳоратини ошириш учун касбга ўқитиш курсларига жалб қилинди. 300 га яқин коллеж битирувчиси ўз мутахассислиги бўйича керакли маслаҳатлар олди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
7 435