ЎзА Ўзбек

31.07.2018 11:50 Чоп этиш версияси

“Ҳаж-2018” дастури доирасида ҳаж сафарига 7,2 минг нафар зиёратчи ҳаво лайнерларида парвоз қилади

“Ҳаж-2018” дастури доирасида ҳаж сафарига 7,2 минг нафар зиёратчи ҳаво лайнерларида парвоз қилади
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Ҳаж-2018” дастури доирасида парвозларни бошлади.

“Катта ҳаж” амалларини бажариш истагини билдирган ўзбекистонлик зиёратчилар жорий йилнинг 13 августига қадар Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига “Боэинг-767” ҳаво лайнерларида етказилади.

Авиакомпания бир неча йиллардан буён ҳаж масканларига республика аэропортларидан тўғридан-тўғри парвозларни амалга ошириб келмоқда. Дастурга мувофиқ, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳар аэропортларидан 32 қатновни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, 7200 нафар зиёратчиларни етказиш режалаштирилган.

Республика аэропортлари ҳамда МАК самолётлари бортларида йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Аэровокзалларда намоз учун алоҳида ибодат ва таҳорат хоналари мавжуд. Махсус ишчи гуруҳи зиёратчиларга қатновни рўйхатдан ўтказишга ва божхона ҳужжатларини расмийлаштиришга ёрдам бермоқда. Учиш залларида уларга енгил нонушта, самолёт бортида эса, “Кетринг“ корхонасининг махсус таомномаси асосида тайёрланган сифатли ва мазали таомлар тақдим этилмоқда.

Зиёратчиларни ўз ватанларига қайтариш 27 августдан 14сентябргача Жидда шаҳридан амалга оширилиши режалаштирилган.

ЎзА
6 599