ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

“Қаттиқ қонунли” давлат бўлиш вақти келдими?

“Қаттиқ қонунли” давлат бўлиш вақти келдими?

Қонун-қоидалар моҳиятан табиат ва жамиятда тартибни сақлаб туриш учун яратилади.

Инсоният ривожланиши билан барча соҳалар, жумладан, қонун-қоидалар сони ва хилма-хиллиги ҳам ўсиб, уларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ қилиш воситалари ҳам тобора такомиллашиб боради.

Қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш – кўп босқичли ва мураккаб жараён. Қонун ҳужжати лойиҳаси тайёр қонун ҳолига келгунига қадар кўплаб “чиғириқлар”дан ўтказилади. Қонун доираси алоқадор бўлган давлат ташкилотларининг расмий муносабати ўрганилиб, баҳо берилади, давлат ва жамиятнинг барча шарт-шароитлари ўрганиб чиқилади ва давлат идораларидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади, сўнгра имзоланиб тасдиқланади.

Бугун барча соҳаларда давомий олиб борилаётган изчил ислоҳотлар янгидан-янги қонун ҳужжатларининг қабул қилинишини, мавжуд қонунлардаги айрим нормаларнинг замон шарт-шароитларига мос равишда ўзгартирилишини талаб қилади. Бу – табиий ҳол. Бу ҳолат дунёнинг ривожланган ва ривожланаётган давлатларига ҳам бирдек дахлдор. Чунки муайян соҳадаги муносабатларни янада ривожлантиришни ёки самаралироқ тартибга солишни таъминлаш учун, аввало, ушбу муносабатлардаги ҳуқуқий асослар ислоҳ қилиниши лозим.

Қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш ёки улардаги моддаларни ўзгартириш жамият ҳаётига кириб келган ўзгаришлар, янгиликлар ва ютуқларнинг, янгича муносабатларнинг акс-садоси ҳам бўлиши мумкин. Одатда, ривожланган давлатларнинг қонунчилигидаги ижобий жиҳатлар ўзлаштирилади ва миллий қонунчиликка мослаштирилиб киритилади. Агар қонунларга ўзгартиришлар кўп киритилган бўлса, мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжат янги таҳрирда қабул қилинади.

Аммо юртимизда айрим қонун ҳужжатларига тинимсиз киритилаётган ўзгартиришлар ҳолатини ҳам тўлиқ ижобий деб бўлмайди. Қонуности ҳужжатларига аксар ҳолларда уларни қонунларга мувофиқлаштириш учун ўзгартириш киритилади. Лекин қонунлар-чи?

Чунки, қонун ҳужжатларига ҳаддан ташқари кўп ва тез ўзгартиришлар, тузатишлар киритилиши мазкур қонун ҳужжатларининг ниҳоятда “мўрт” тузилганлигини, замон ва макондаги шароит ва имкониятлар тўлиқ ҳисобга олинмасдан ишлаб чиқилганлигини билдиради. Қолаверса, қонунлардаги моддаларнинг “ҳар куни ўзгариши” жамиятдаги ўзгаришларга мутлақо алоқадор бўлмаслиги ҳам мумкин.

Шундай қонунлар қабул қилинадики, ўн киши ўқиса, ўн хил талқин қилади. Ахир қонунлар барча учун бир хил бўлиши керак эмасми? Бу эса қабул қилинаётган қонунларнинг мукаммал ишлаб чиқарилмаганлигидан далолат беради.

Қонунлар энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларидир. Кодекслар ҳам қонунлар билан тасдиқланади. Кодекслар бўйича икки оғиз сўз.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини олайлик. Мазкур кодекс 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган бўлиб, унга 2018 йил 18 апрелга қадар қонунлар орқали 105 марта ўзгартиришлар, қўшимчалар, тузатишлар киритилган. 2018 йил 19 апрелдан 2020 йилнинг 31 январига қадар бўлган вақт (ҳатто 2 йил ҳам эмас) оралиғида эса яна 28 марта ўзгартиришлар киритилди. Яъни, жами 133 марта ўзгартиришлар киритилган! Ҳар сафар ўзгартириш киритилганида ўнлаб моддалар ўзгаришларга учрайди.

Тўғри, бу вақт оралиғида кодексга янгидан-янги нормалар киритилди, айрим моддалар чиқариб ташланди. Аммо аксарият ўзгаришлар маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсларга нисбатан қўлланадиган жарима санкцияларининг суммаси ўзгариши билан боғлиқ. “Ярим баравари миқдорида” деган сўзлар ҳеч қанча вақт ўтмай “бир баравари миқдорида” деб ёзилади. “Бир баравари миқдорида” деган сўзлар ҳам тезлик билан “бир ярим баравари”, “икки баравари”, “уч баравари” бўлиб ўзгараверади...

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳам ўтган йиллар давомида салмоқли ўзгартиришлар киритилди. Ва ниҳоят, 2019 йил 30 декабрда Солиқ кодексининг янги (учинчи) таҳрири тасдиқланди.
Жуда тез ва кўп ўзгартириладиган қонунлар ва кодексларнинг баъзилари билан танишдик.

Хўш, нега айрим қонунлардаги нормалар бунчалик кўп ўзгартирилади?
Бу – қонун ижодкорлиги билан машғул бўладиган (давлат раҳбаримиз сўзлари билан айтганда) “халқ ноиблари”нинг “иш кў
рсатишлари”микан? Тўғри, уларнинг барчаси ҳам ҳуқуқшунос эмас. Аммо қабул қилинган қонунни тасдиқлашдан аввал “оқсоқоллар” ҳам қонунни ҳар тарафлама ўрганиб чиқишлари лозим эмасми?

Жарима суммаларини тинимсиз ўзгартирмасдан, қатъий суммаларни белгилаб қўйиш ҳам мумкин-ку. Айтишингиз мумкин, бу – ҳуқуқбузарларга нисбатан кўриладиган чораларни қатъийлаштириш учун деб.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Сингапур каби давлатлар “қаттиқ қонунли” давлатлар сифатида бутун дунёга намуна бўла олади. Негаки бу давлатларда қонунчилик механизми жуда юқори даражада йўлга қўйилган бўлиб, қонунлар ҳар томонлама “сифатли” ишлаб чиқилади. Ушбу давлатларда қонунлар камдан-кам ўзгаради.

Сингапур ўзининг экологик жиҳатдан ниҳоятда тозалиги билан ажралиб туради. Аксарият халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича ҳам дастлабки ўринларда туради. Жумладан, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот бўйича дунё давлатлари орасида биринчи ўнталикда, коррупциялашмаганлик даражаси бўйича эса биринчи ўринда жойлашган. Мазкур давлат ҳуқуқи англо-саксон ҳуқуқига асосланган бўлиб, ҳуқуқбузарликлар учун ниҳоятда катта миқдорда жарималар белгиланган. Масалан, кўчада, жамоат жойида сигарета чекканлик ёки сигарета қолдиғини ташлаганлик учун, кўчага тупурганлик учун, чиқиндиларни ўринсиз жойда қолдирганлик учун, ҳаттоки, уйингизнинг ташқарисидаги гулларга кўп миқдорда сув қуйганлик учун ҳам (бу кўчада ҳашаротлар сонининг кўпайиб кетишига сабаб бўлар экан) 500-1000 Сингапур доллари каби миқдорларда жарима белгиланган. Бу давлатда жарима суммалари баланд, лекин қонунлар ҳар ойда ўзгармайди.

Қонунлар моддаларининг жуда тез ўзгартирилиши ижтимоий муносабатларнинг барқарор тартибга солинишини қийинлаштиради. Агар, кеча қабул қилинган қонун бугун ўзгартирилиб, эртага ўз кучини йўқотса ёки янги таҳрирда қабул қилинса, бундай қонунлар халқ онгига, зеҳниятига кириб бора оладими?

Биз 29 йилдан бери гапириб келаётган инсон ҳуқуқларига асосланган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этишимиз ва фуқаролик жамиятини қуришимиз учун олдимизда, шубҳасиз, кўплаб вазифалар турибди.
Ҳуқуқий давлат қуриш учун биринчи навбатда қонунчилигимизни яхши йўлга қўйиб олишимиз лозим. Бунинг учун қонун қабул қилишдан аввал хориж давлатлари қонунчилиги тажрибасини (шундоққина кўчириб қўймасдан) ҳафсала билан ўрганиш, юридик соҳада фаолият юритувчи барча тоифадаги мутахассисларнинг фикрларини эшитиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш кўламини максимал даражада кенгайтириш, қонун ишлаб чиқиш механизмини мунтазам такомиллаштириш ва албатта, маҳаллий шароитни инобатга олиш лозим. Шундай қилинсагина таклиф қилинадиган қонун лойиҳалари ҳар томонлама “пишиқ” тайёрланади.

Албатта, сўнгги йилларда қонунчилик механизми нисбатан такомиллаштирилди. Хусусан, баъзи давлат орган ва ташкилотларининг сайт ва порталларида ишлаб чиқилаётган қонун ва қонуности ҳужжатларининг лойиҳалари эълон қилиб борилмоқда. Regulation.gov.uz сайтида эса барча давлат идоралари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва ташаббускор гуруҳлар томонидан илгари сурилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда. Пировардида, агар, қонун лойиҳаси алоқадор давлат идораларининг маъқулловидан ўтмаса, қабул қилинмайди.

Агар, қонунларимиз мукаммал сифат билан ишлаб чиқилса, улар амалиётда тўғри қўлланилади. Мукаммал қонунлар билан эса ривожланиб бораётган жамиятимиздаги барча ижтимоий муносабатларни барқарор тартибга солиш мумкин.

Мукаммал қонунлар амал қиладиган жамиятдагина ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият яхши шаклланади.

Фаррух МАЖИДОВ, 
Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди судьяси



3 534
ЎзА