ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

“Ҳар куни беш минг қадам юрамиз”

“Ҳар куни беш минг қадам юрамиз”

Термиз шаҳридаги Санъат саройи боғида мазкур шиор остида эрталабки сайр ташкил этилди.

Шаҳар жисмоний тарбия ва спорт, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ташаббусида ўтказилган тадбирда нуроний отахон ва онажонлар, ўрта авлод вакиллари, спортчилар ва ўқувчи ёшлар иштирок этди. Унда соғлом турмуш тарзи, зарарли одатларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири тарғиб қилиниб, жисмоний фаоллиги қўллаб-қувватланди.

4.jpg

– Куз фаслида турли касалликлар қўзғалишини кўпчилигимиз яхши биламиз, – дейди Термиз шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бўлими бошлиғи Илҳом Абсаттаров. – Бу мавсумда жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш инсон саломатлигини мустаҳкамлаб, касалликларни четлаб ўтишга кўмаклашади. Мазкур тадбир доирасида ҳамкорларимиз билан тоза ҳавода эрталабки сайр қилишга аҳоли кенг қатламларини жалб этишни мақсад қилиб олганмиз. Шу боис ҳар куни эрта тонгда юмшатилган карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда енгил жисмоний тарбия машқларини бажариб, сўлим боғда эркин сайр қилишни йўлга қўйдик. Бу жараёнда сафларимиз кун сайин кенгайиб боришига ишончимиз комил.

Президентимизнинг 2018 йил 18 декабрдаги “Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойиллари кучайтирилиб, ўсиб келаётган ёш авлод зарарли одатлардан асраб қолинмоқда. Маҳаллалар, таълим муассасалари, меҳнат жамоаларида жисмоний тарбия ва спорт фаолияти тизимли ташкил этилиб, соғлом турмуш тарзи қўллаб-қувватланаётир.

2.jpg



Мутахассисларнинг айтишича, ҳар кун тонгда тоза ҳавода сайр қилиб, енгил жисмоний машқларни бажариш ҳам ортиқча вазндан қутилиш, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, қондаги холестерин даражасини меъёрида сақлаш ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар профилактикасида ўзига хос ўрин тутади. Тонгда пиёда юришнинг ана шундай ҳадисини олган кекса авлод вакиллари эрталабки сайрни кунлик одатга айлантирган.

– Аслида инсон учун тонгги сайр ва енгил бадантарбия машқлари фасл танламайди, – дейди вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, сенатор Орзиқул Соатов. – Мана, ёшим саксонда бўлди. Кўп йиллардан буён эрталабки тоза ҳавода юришни одат қилиб олганман. Бунга тенгқурларимни ҳам жалб этганман. Тонгда сайр қилиб, тоза ҳавода бир пас гурунг қиламиз. Ёшлик даврларимизни эслаб, кайфиятимизни кўтарамиз. Руҳан тетиклашамиз. Шу боис ҳамиша тетик бўлиб юраман. Узоқ умр кўриш сирини сўраган ёшларга жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш ва алкогол ичимлик, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш каби зарарли одатлардан тийилишда, дея баралла айтаман.

Тадбир иштирокчилари маҳалла ёшлари ўртасида эрталабки юришнинг соғлом турмуш тарзига аҳамиятини кенг тарғиб қилишга, ҳар кун тонгда сўлим боғда учрашиб, биргаликда сайр этишга келишиб олди.



1 780
Х. МАМАТРАЙИМОВ, Ж.Қўзимуродов (сурат), ЎзА