Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.05.2018 15:04 Чоп этиш версияси

"Ҳамшира – 2018": Шоҳиста мамлакат босқичида

Урганчда “Ҳамшира – 2018” кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бирламчи тиббий санитария ёрдами кўрсатиш, патронаж ва шошилинч тиббий хизмат билан қамраб олишда ҳамшираларнинг хизмати катта. Хоразм вилояти тиббиёт муассасаларида 15 мингдан зиёд ҳамшира фаолият кўрсатмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилишда ҳамшираларнинг ижтимоий фаоллиги ва билимини ошириш мақсадида ўтказилаётган бу каби танловларнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.

Танловнинг туман ва шаҳар босқичларида сараланган 11 ҳамшира вилоят босқичида тиббий, ижтимоий ва сиёсий билимини синовдан ўтказди.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм филиали ҳамшираси Шоҳиста Жуманиёзова биринчи ўринни қўлга киритди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ҳамшираси Севара Матназарова иккинчи, Гурлан тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 13-оилавий поликлиника патронаж ҳамшираси Иқболой Ҳайтимметова учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Шокиров, ЎзА
2 241