Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.07.2018 11:48 Чоп этиш версияси

“Ҳалол” туризмда Ўзбекистон қайси ўринда?

“Ҳалол” туризмда Ўзбекистон қайси ўринда?
Юртимизда ал-Бухорий, ат-Термизий, Мотурудий, аз-Замаҳшарий, Баҳоуддин Нақшбандий каби буюк ислом уламолари, пешқадамлари ва азиз-авлиёларининг ҳоки-пойлари қўйилган мақбаралар, Усмон (р.а) Қуръони ва бошқа мусулмонлар учун қадрли бўлган зиёратгоҳларнинг мавжудлиги зиёрат туризмини ривожлантиришда қўл келади. Лекин, афсуски биз бу имкониятлардан ҳозирга қадар фойдаланмай келдик.

 Маълумотларга кўра, дунёда зиёрат туризмининг йиллик ҳажми 151 миллиард долларга тенг экан. Дунёдаги меҳмонхона бизнеси пешқадамларидан бири – Rezidor Hotel Group компаниясининг маълумотларига кўра, яқин 10 йил ичида “Ҳалол” туризм ҳажми йилига 20 фоиздан ошиб боради.

 Глобал тўлов тизимининг кўзга кўринган вакилларидан бўлмиш Mastercard компаниясининг HalalTrip туристик портали билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқотига асосан, 2030 йилга бориб, 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган дунё ёшларининг учдан бирини мусулмонлар ташкил этади. Бугунги кунда бу ёшдагилар йилига 2-5 марта, ўртача 4-6 кунлик сайёҳатга чиқмоқда. 2025 йилга келиб, ёш мусулмонлар дунё бўйлаб сайёҳатлар учун йилига 100 миллиард долларидан кўпроқ миқдорда пул сарфлаши башорат қилинмоқда.

 Демак, биз ҳам бу борада тезроқ ҳаракат қилишимиз шарт. Шундай бўляпти ҳам. Мисол учун, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил ва Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф тартиби жорий этилди. 39 та мамлакат фуқароси учун визалар расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди ва муддати 2 иш кунигача қисқартирилди. Энг муҳими, Тошкент халқаро аэропорти хизмати жанубий кореялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилди ва уларнинг хулосалар асосида фаолияти тубдан ўзгартирилди. 

 Бугунги кунда Пойтахт аэропорти халқаро терминалидан йўловчиларнинг чиқиш вақти тўрт баробарга тезлашди. Агарда авваллари пойтахт аэропортига етиб келган рейсдан ҳаво бандаргоҳини тарк этгунча ўртача 2 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда биринчи йўловчи 21 дақиқада, сўнгги йўловчи эса 33 дақиқада аэропортдан чиқиб кетмоқда. Тизимда «яшил» ва «қизил» йўлакларнинг очилиши йўловчиларнинг барча зарур тартиб-таомиллардан ўтишларини анчагина тезлаштирмоқда.

 Ўтган йили Crescent Rating компаниясининг Master Card компанияси билан ҳамкорликда тузган рейтингида “ҲАЛОЛ” туризм учун энг қулай мусулмон мамлакатлари рўйхатида Малайзия биринчи, БАА иккинчи, Индонезия учинчи ўринни эгаллаган бўлиб, Ўзбекистон 28-ўринда эди.

 Жорий йилдан бу тизимнинг кенг жорий этилиши самарасида келгуси йилларда бу рейтингда пешқадам бўлишимиз шубҳасиз.

ЎзА
7 153