ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

“Ҳали гунбазидан ғўнғирлаб келур, олимлар баҳсининг акси садоси…”

“Ҳали гунбазидан ғўнғирлаб келур, олимлар баҳсининг акси садоси…”

Шахсиятига ва номига шарҳ ҳожат бўлмаган темурий султон Улуғбекнинг бизгача қолдирган илмий мероси бир жаҳон бўлса, қурдирган олий мактаби – Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси яна бир жаҳондир. Регистонга – муҳташам обидага ҳар сафар борганда Усмон Азимнинг: 

“Бу кимлар?
Қайдаман?
Регистон, сенми?

Нечун сенга келсам, кўксимни тўлдирар жумлаи жаҳон?”, — мисралари тилда айлана бошлайди. Бунга сабаб балки бу ернинг дунё илмлари томир олиб кетган, олам нур олган бир олий маскан бўлганлигидир. Илмларнинг асосларини қўйган кишиларнинг шу масканда қолган изларидир, балки. 
photo_2020-07-08_19-26-14.jpg

Инсон ўзининг кимлиги, боболарининг кимлиги, давлатининг тарихи билан доим қизиқиб келган. Ўзи яшаётган жойнинг тарихи билан фахрланишни истайди. Биз таълим олган, ҳозирда фаолият олиб бораётган шу улуғ даргоҳнинг тарихи эса бир неча юз йиллар билан боғланиши, албатта, ҳаммамизни фахру ихтихорга тўлдирмоқда. 

Университет тарихининг Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси фаолияти билан боғлаш масаласини кенг илм жамоатчилиги катта қувонч ва кўтаринкилик билан қарши олишди. Университетимиз раҳбари Р.И.Холмуродовнинг асримизнинг бошидан буён мамлакатимизнинг нуфузли нашрларида университет тарихи ҳақидаги чиқишлари олимларимизни руҳлантирди. Хусусан, ректоримизнинг матбуотда “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон. Ўзбекистонда илм-фаннинг янги ренессанс даври бошланмоқда” , “Самарқанд давлат университет – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси” мавзуларида қилган суҳбатларида Олий таълимимиз тарихининг теран илдизлари, мадрасаи олия билан боғланган асослари ҳақида батафсил фикр билдирилдики, илм аҳли унга муносабатлар билдирмоқда. 

Олий таълимимизнинг иккинчи Шарқ ренессанси деб тан олинган темурийлар даври билан боғланишида, албатта, катта тарихий ҳақиқат бор. Зотан, унгача ҳам бу қутлуғ заминда мадрасаи олиялар фаолият кўрсатган, илм аҳлини дунё тамаддунига етказиб берган бўлса-да, тарихнинг шафқатсиз зарбаларидан бизгача етиб келмаган. Хусусан, Улуғбек мадрасаи олиясидан бир неча ўн йиллар аввал темурий маликалардан Бибихоним номи билан машҳур бўлган Амир Темурнинг суюкли хотини Сарой Мулк хоним қурдирган мадраса XIV аср охири ва XV аср бошларида Самарқанддаги мадрасалар орасида улкан ва маҳобатлилиги жиҳатидан ажралиб турган. Мадрасага замонасининг етук мударрислари тайинланиб, улар толиби илмларга диний ва дунёвий илмлардан дарс берганлар. Афсуски, Сарой Мулк хоним мадрасаси узоқ турмади. Ривоятларга кўра XVI аср охирида Бухоро амири Абдуллахон темурийларга хусумати туфайли, махсус фармон билан мадрасани буздириб ташлади.

Улуғбек мадрасаи олиясининг қурилиши ҳақидаги воқеа Самарқандимизнинг дунё илмларига ҳисса қўшган бир фарзанди - Абдураззоқ Самарқандийнинг (ўша вақтда тарихчи олим Самарқандда бўлган, ҳамма жараённи ўз кўзлари билан кузатган) “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” асарида шундай ёзиб қолдирилган: «Мовароуннаҳр мамлакати, маъмурлик ва ободонликнинг чўққисига етиб, жавонбахт шаҳзода Мағисуддин Мирзо Улуғбек кўрагон хайрли жойлару олий иморатлар қуришга майл кўрсатди... Жаннатсифат ҳар бир жой туфайли Самарқанд мулкининг равнақи ортди. Самарқанд шаҳрининг ичида, шаҳарнинг ўртаси ва (шаҳар) майдонининг марказида, Арки Олийга яқин жойлашган … мавзеда (Улуғбек) бир-бирига рўбарў мадраса ва хонақоҳ бино қилиб, бу икки мақомни қуриб тамомлаш борасида бир неча йил давомида саъй-ҳаракатлар кўрсатди. Уларнинг баландлиги ва безаклари баланд осмоннинг ғашини ва Чин суратхонасининг рашкини келтирар, биноларнинг мустаҳкамлиги ва устунларнинг нозиклиги билан Ҳарамон ҳайъати ва тавъаман суратини эслатар эди. Ҳақиқатан ҳам у икки иморатнинг латофатини ёзув қалами ва баён рақами билан тасвирлаш мумкин эмас. Кайвон виқор ва муштарий асар шаҳзода кўп даромадли ерлар, экинзорлар ва арикдарни у жойга вақф қилиб ажратди, уламоларнинг энг билимдонлари ва фозил кишиларнинг тажрибакорларини мадрасада дарс бериш ва тушунтириш учун тайинлади, шунингдек, хонақога ҳам билимдон машойихлар ва мубоширларни белгилади ҳамда бу икки олий мақомнинг муҳим ишларини кордон кишиларнинг саъй-ҳаракати қўлига топширди. Вақфга ажратилган даромадли ерлар ва экинзорлардан ҳар йили шунчалик хосил олинар эдики, у икки жойнинг заруратлари сарфидан ортиб қолар ва ўша икки жойнинг ўз хазинасига йиғиб қўйилар эди; ҳеч такаллуфсиз (айтиш мумкинки), энг билимдон подшоҳ (Оллоҳ) ихтиёр қилган яна бирор жой бўлмаса, ислом шаҳарларининг барчасида бу икки бахтли мақомга яқин келадиган бирор жойни кўрсатиб бўлмас эди. Бу варақларни ёзиб тўпловчи Абдурраззоқ қутли бир муносабат билан бир неча вақт доруссалтана Самарқандда муқим турганида бу ҳолни ўз кўзи билан кўрди. Илму фанлар бўйича етарли насиба ва тўлиқ сармоя эгаси бўлган Мирзо Улуғбек, — байт: Барчага маълумдирки, ҳар қанча ўйлаб кўрилганда ҳам билимдан дурустроқ бирор нарса топилмайди”.

65269_2_o.jpg

Асарнинг мана шу ўрнида мирзонинг ўз билими нурларини бутун жаҳонга офтоб шуъласи мисоли намоён қилишни, идрок ёруғлигини тупроқ чуқурлигидан энг юқори фалак гумбазига етказишни, юлдузлар расади садосини гардун гумбази бўйлаб таратишни ва бу улуғ иш тантанасини ер юзида янгратишни истаганлиги учун замон “Афлотуни мавлоно Салоҳуддин Мусо Қозизодайи Румий, Мирзо Улуғбек ўзи тарбиялаб иноят тили билан «фарзандим», деб атагани даврон Батлиймуси бўлмиш мавлоно Алоуддин Али қушчи, — бу икки донишманд тадқиқотчи Самарқандда муқим яшар эди — ҳамда Мирзо Улуғбек Кошондан Самарқандга келтиргани улуғ мавлоно Ғиёсуддин Жамшид ва ҳурматли мавлоно Муинуддинлар каби барча илмлар бўйича ва маъқулу мафҳум, хусусан риёзий ҳам ҳикамий тадқиқотлар бўйича аср мўъжизаси ва давр нодираси бўлмиш ҳукамолар ва машҳур билимдонлар, уторид зеҳнли муҳандислару «Мажистий» кашф этувчи файласуфлар билан биргаликда бир анжуман тузди ва ақли куллнинг қўллови билан осмон қисмларидан ҳар бир қисмнинг кайфиятидан воқиф бўлган, (423) хаёл сайёҳининг дадил қадамлари билан юқорию қуйи оламнинг узунлик ва кенглик масофасини босиб ўтадиган ва жисмларнинг оралиқ ҳам сатҳларини аниқлашда бирор муҳмал дақиқа ёки сонияни эътиборсиз қолдирмайдиган ана шу донишмандлар билан мунажжимликнинг нозикликларини ўқиб олишу тақвимларнинг сирларини тушуниб етиш соҳасида сўз мартабаси даражаларини фалак ул-афлокка етказиб суҳбатлар қурди”, - дейилади. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мадрасаи олияда назарий билимлар берилган бўлса, ана шу йилда қуриб битказилган расадхонада амалий тажрибалар ўтказилган. Бу ҳақда ҳам Абдураззоқ Самарқандий бу соҳада “етук камолот ҳосил қилгач, ва асбобларни шайлагач, (Улуғбек) расад ва зийж тузишга майл қилди ва Самарқанднинг шимолида, шарқ томонга мойилроқ ерда мос бир жойни тайин қилди ҳамда шуҳратли ҳакимларнинг ихтиёри бўйича у ишни бошлашга мувофиқ бир толе муқаррар қилинди... Бу нозик ишда унга улуғ ҳукамолар мададкор ва муовин эдилар”, - дейди.

Кўриниб турибдики, Улуғбек ўзи қурдирган мадрасаи олияга жами илмларнинг энг усталарини таклиф этган, улар учун барча шароитларни яратиб берган. Шунинг учун ҳам бу маскан нафақат Мовароуннаҳрда, балки Хуросон ва бошқа давлатларда ҳам эътироф этилган. Бу эса Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг ўз давридаги мақоми нақадар юксак бўлганлигидан гувоҳлик беради.

Марказий Осиё минтақасидаги энг нуфузли ва энг қадимий ўқув юртларидан бири бўлган Самарқанд давлат университети тарихи ва бугунги фаолиятини, унинг юртимиз илм-фани ривожида тутган беқиёс аҳамиятини кўрсатиш, мазкур тарихий ҳақиқатни кенг ёритиш орқали ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат-эътибор, уларнинг муносиб давомчилари бўлиб етишиш руҳида тарбиялаш муҳим вазифалардан ҳисобланади. 

Ҳукуматимиз, устозларимизнинг қилган саъй-ҳаракатлари натижасида Самарқанд вилояти кенгашининг Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорини катта хурсандчилик билан қўллаб-қувватлаймиз. Университетимизнинг 600 йиллик юбилейини кўтаринки кайфиятда нишонлаймиз. Хусусан, университет хотин-қизлар кенгаши ҳам бу жабҳада ўзларининг бор салоҳиятларини намоён этадиган конференцияга тайёргарлик кўрмоқда. Зеро, академик Ғафур Ғулом айтганларидек:

Ишқу вафоларнинг «Хамса»син ёзган
Жомий, Навоийнинг асрий нидоси.
Ҳали гунбазидан ғўнғирлаб келур
Олимлар баҳсининг акси садоси.

Улуғбек юлдузлар сирин фош етиб, 
Сўник шам олдида тақдим етди бош.
Маърифат офтоби ўчмакни билмас,
Топталмас тупроққа тушганда қуёш...

Ватанга жамоли жаҳон орони,
Бергувчи фарзандлар бешиги бу ер.
Шарққа маърифатнинг аниқ юзини,
Бениқоб кўрсатган эшиги бу ер.

Оталар одатин тутиб назарда 
Келтирдим дўстларга атаб гулдаста, 
Чунки Самарқанд бу ЎзГУ демакдир
Шоирнинг жони ҳам унга пайваста.


Ш. Тўхлиева​, СамДУ хотин-қизлар масалалари бўйича ректор маслаҳатчиси, 
М.Хасанова,​ СамДУ филология факультети ўқитувчиси PhD,
Т. Маджидова​, СамДУ экология кафедраси доценти

3 055