ЎзА Ўзбек

28.07.2018 11:04 Чоп этиш версияси

“Қачон обод бўласан, қишлоғим?”

“Қачон обод бўласан, қишлоғим?”
Қишлоғинг обод бўлса, кўзинг қувнайди. Одамларнинг дунёқараши ҳам ўзи яшаётган атроф-муҳит гўзаллиги билан чамбарчас боғлиқ. Равон йўллар, кўркам маҳалла гузари, замонавий мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасалари, шинам маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритаётган қишлоқ одамлари ҳам шунга мос фикрлайди, муносиб бўлишга ҳаракат қилади.

photo5395488542194510107.jpg

Йилларки, қишлоғим қиёфасида ўзгаришлар бўлишини, янгиланишлар ҳамқишлоқларим қиёфасида ҳам сезилишини жуда ҳам истайман. Аммо Шаҳрисабз туманининг Чироқчи билан чегарадош чекка ҳудуди – “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини қишлоқларида ҳали-бери янги ҳаёт нафаси сезилмаса керак.

photo5395488542194510108.jpg

Саратоннинг иссиқ кунларидан бирида қишлоқда бўлдим. Маълумотнома олиш учун маҳалла идорасига бордим. 60-йилларда қурилган жамоа хўжалиги биноси бугун фуқаролар йиғинига хизмат қилмоқда. 1130 хонадон истиқомат қиладиган Янги қишлоқ, Нушкент ва Хонобод қишлоқларини ўз ичига олган маҳалла гузарининг аҳволини кўриб, кўзингга ёш келади. Синиқ эшик ва деразалар, ёриқ поллар, туси учган девор, ўтирсанг, қулаб тушай дейдиган стол-стуллар билан жиҳозланган кабинетда қайси жонкуяр Ватаним деб меҳр бериб ишларкан?! Албатта, фидойилик керак, десангиз адашасиз. У ерда ишлаётган ходим ҳам вазифасига қўл учида ёндашади. Йиғин раисига масалани кўтариб чиқиш таклифини берганимда, керак эмас, бефойда, барибир ҳамма ишни ўзимизга қилдиради, бекорга ортиқча дахмаза орттириб оламиз, деганидан сўнг, маҳалла институти ҳақида гапирилаётган гаплар қаёққа кетаётган экан, деб ўйланиб қолдим. Мени хурсанд қилган нарса – ҳудудда бирорта ҳам жиноят ҳолати қайд этилмаган, бошқа ҳуқуқбузарликлар кузатилмаган.

photo5395488542194510109.jpg

Президентимизнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, ёшларни маънавий бой ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёш авлодни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтириш каби ўнлаб вазифалардан ортиб, нотинч оилалар ва ажримлар билан шуғулланиш, ғалла ва пахта режасини бажаришга кўмаклашиш, турли ҳисоботларга жавоб ёзиш каби саноқсиз ишлар ҳам маҳалла гарданида.

photo5395488542194510110.jpg

“Маҳалла посбони” бўлиб ишлайдиган синфдошим Шокир Эшбобоев билан ҳам кўришиб ўтмоқчи эдим. Унинг касалхонада эканини айтишди. Бетоб бўлгандир, дея кўргани бордим. Тумандаги вилоят 2-сон кўз касалликлари шифохонасида кўз шоҳпардаси йиртилиб кетгани учун операциядан чиққан экан. Маълум бўлишича, туман ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган ўқув-йиғинда кўздан ёш оқизадиган газ ва сув пуркагич машиналари фаолияти тушунтирилаётган пайтда тўсатдан кучли босим остида сув сепиб юборилган. Йиғинда иштирок этаётган бир нечта посбон турли тан жароҳатлари олган, кўз шоҳпардаси йиртилиб кетган Шокир эса шифохонага ётқизилган. У эса энди адолат изламоқда: ҳимояланмаган ва зарарли оқибатлари тушунтирилмаган ҳолда шундай йўл тутиш қанчалар тўғри?!

Маҳалла гузарининг шундоқ ёнгинасида жойлашган 21-мактабгача таълим муассасаси ва 17-умумтаълим мактаби ҳолати ҳам ачинарли. Иккаласи ҳам анча таъмирталаб ва қўшимча биноларга эҳтиёжи бор. Ҳудуд атрофини ободонлаштириш, тарбияланувчи ва ўқувчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш, ахборот-ресурс марказлари жорий этиш, спорт майдончалари ва заллари фаолиятини йўлга қўйиш учун албатта давлатнинг эътибори ва катта кўмаги керак. Ёшларнинг етарли билим олиши ва юртга садоқат руҳида улғайишида таълим муассасаларидаги шароитнинг ҳам ўрни бор эмасми?

Қишлоқда ичимлик суви етишмаслигидан аҳоли ўз ҳовлисида кичик артезиан қудуқлари қазишни бошлаб юборган. Томорқаларни суғориш иши эса анча мушкуллашиб боряпти. Қудуғи бор одамгина экин-тикин қила олади.

Одамларнинг соғлиги учун қайғурадиган шифокор ва ҳамширалар ишлайдиган қишлоқ врачлик пункти филиали биноси бир вақтлари ҳашар йўли билан қурилганини яхши эслайман. Бугун замон ўзгарди. Бу бино фонида 30-йиллар ҳақида кино олса бўлади.

Ҳадемай қиш келади. Муаммолар яна ортади. Уларни иситиш катта муаммога айланади. Йўллар бугун чанг-тўзонга беланиб ётган бўлса, ёғинли кунларда ўқувчилар лой кечишга мажбур бўлишади. Янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилиши борасида қилинадиган ишлар талайгина.

Хусусий тадбиркорлар томонидан фаолияти йўлга қўйилган сартарошхона, дорихона, қассобхоналарнинг ёнига кутубхона, тўйхона, кинотеатр, умумий овқатланиш шохобчалари ҳам қурилиши учун катта зарурият пайдо бўлган. Эҳтимол, зудлик билан қишлоқ аҳоли пункти меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб бориш мавриди келгандир?! Қолгани Шаҳрисабз тумани мутасаддилари ҳукмига ҳавола. Муҳими, эътибордан четда қолаётган қишлоқнинг фаровонлиги у ерда яшаётган одамларнинг дунёқараши ва замонга бўлган муносабатида, деб биламан. 

Хуллас, пойтахтга ҳамқишлоқларимнинг бир дунё дарди билан қайтдим. “Қачон обод бўласан, қишлоғим”, дея ҳайқиргим келади.

Фазлиддин Сатторов, журналист

ЎзА
8 491