ЎзА Ўзбек

07.08.2018 17:42 Чоп этиш версияси

...2050 йилда Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ космик сунъий йўлдошлари ва Ойда ўз ер майдони бўлади​

...2050 йилда Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ космик сунъий йўлдошлари ва Ойда ўз ер майдони бўлади​ Сир эмас, узоқ келажак ҳақида хаёл суриш, тасаввур қилиш кўпчилигимиз учун ёқимли машғулот. Айтайлик, 2050 йилда дунё ёки сиз фаолият юритаётган соҳа қай даражада тараққий этади?

...2050 йилда Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ космик сунъий йўлдошлари, Ойда ўз ер майдони бўлади. Мамлакатимиз ер майдонининг 50 фоизини суғориш имконияти яратилади. Ер, геодезия, картография ва кадастр йўналиши бўйича алоҳида таълим муассасаси ташкил этилиб, ушбу соҳадаги барча техник ускуналар ўзимизда ишлаб чиқарилади. Тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада инновацион технологиялар имкониятларидан фойдаланилади.

Бу Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаол ёшларнинг 2050 йилда тизим қай даражада бўлиши тўғрисидаги тасаввурлари эди. 

3 (1).JPG

Ушбу тасаввурлар қўмита томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Ёшлар нигоҳи” шиори остида ўтказилган форумда баён этилди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, фикрини эркин баён этишни ўрганишини таъминлаш мақсадида ўтказилган форумда тизимда фаолият юритаётган 40 дан зиёд ёш иштирок этди.

Ёшлар форуми доирасида “Муаммо ва ечим” мунозараси, “Менинг ғоям” викторинаси, “Қўмита келажаги ёшлар нигоҳида” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Шунингдек, қўмита раиси А.Абдуллаев ва унинг ўринбосари М.Рўзметов ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.

Форумда фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Аваз Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
7 645