Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 14:57 Чоп этиш версияси

Ўзига хос илмий мактаб яратган олим

Дунё тажрибасидан маълумки, илмий йўналишда тадқиқотлар олиб бориш ўзининг мураккаблиги ва босқичма-босқич босиб ўтилиши билан ажралиб туради. Лекин номзодлик учун қилинган ишнинг докторлик ҳимоясига чиққанини эшитганмисиз? Бу каби воқеа илм-фан соҳасида кузатилган...

Даврон Матрасулов академик, дунёга танилган олим Пўлат Ҳабибуллаевнинг энг ёш шогирдларидан. У ёш бўлишига қарамасдан тиришқоқ, билимли ва кучли илмий салоҳиятга эга эканлиги билан Пўлат Ҳабибуллаевнинг назарига тушди. Унинг япон, канадалик олимлар билан илмий ҳамкорлиги, хорижий журналларда чоп этилган мақолалари чиндан эътирофга арзигулик эди.

Бу Пўлат Ҳабибуллаевнинг ёш кадрларни ҳар доим қўллаб-қувватлаб келганига бир мисол. Устоз бир неча тилни мукаммал билар, шогирдларидан ҳам буни талаб қиларди. Ҳатто ўзлари ўқув курсларини ташкил этиб, бизни хориж тилларини ўрганишга жалб этган. Пўлат Ҳабибуллаев юздан ортиқ номзодлик, йигирма бешдан зиёд докторлик ишига илмий раҳбарлик қилган. Бугунги кунда устознинг шогирдлари мамлакатимиз ва дунёнинг нуфузли ўқув муассасаларида ишлаб, ёшларга мутахассислиги бўйича ўзбек, инглиз ва рус тилларида сабоқ бераётир.

Пўлат Ҳабибуллаев ташаббуси билан илмий тадқиқотларни ташкил этишнинг “фундаментал изланишлар + амалий тадқиқотлар + инновация ишланмалари” кўринишидаги узлуксиз, бири иккинчисига замин яратувчи мантиққа асосланган механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилди. Мазкур механизм асосида 1997-1999 ва 2000-2002 йилларга мўлжалланган фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишлари бажарилиб, уларнинг натижалари амалиётга татбиқ этилди. Давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилган илмий тадқиқотларни таълим, фан ва ишлаб чиқариш олдида турган долзарб масалаларни ечишга йўналтиришда Пўлат Ҳабибуллаевнинг ҳам машҳур олим, ҳам узоқни кўра билган раҳбар сифатида хизмати беқиёсдир.

Олим акустик спектроскопия, физик ва квант акустика, нанофизика ва юмшоқ муҳитлар физикаси, ночизиқли оптика ва лазер термокимёси, суперион ўтказгичлар ва квант-ўлчамли системалар физикаси, ядро физикаси ва радиацион материалшунослик, ночизиқли динамика ва хаос, изотоплар физикаси ва кимёси ҳамда лазер фотосинтези каби йўналишлардаги илмий мактаблар асосчисидир. Унинг бу йўналишларда амалга оширган илмий ишлари 500 дан ортиқ илмий мақола, 26 китоб ва монографияда ўз ифодасини топган. Айниқса, унинг оптика, замонавий акустика, сиқилган муҳитларнинг иссиқлик физикаси ва лазер материалшунослиги соҳалари бўйича яратган илмий мактаби жаҳон олимлари томонидан юқори баҳоланган.

Ҳаммуаллифликда ёзилган “Материаллар таркибида водородни аниқлаш”, “Оптик солитонлар”, “Юмшоқ моддалар физикасида фазалар ажралиши”, “Суюқ кристаллар реологияси” каби монографиялари дунёнинг йирик илмий нашриётларида чоп этилгани ҳам Пўлат Ҳабибуллаев амалга оширган илмий ишлар ва унинг раҳбарлигида физика фани бўйича ўзбек олимлари эришган муваффақиятларнинг катта эътирофидир.

Пўлат Ҳабибуллаев бошчилигида катта босим остидаги паст температурали плазмани тадқиқ қилиш туфайли қудратли электр разряд – лазерлар яратишда муҳим натижалар олинган. У ядро энергетикаси муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ бўлган қатор фундаментал ва амалий тадқиқотларга бошчилик қилган.

Пўлат Ҳабибуллаев раҳбарлигида давлат илмий-техника дастурлари доирасида амалга оширилаётган фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновация ишларини бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг мунтазам мониторинг тизими яратилиб, амалиётга жорий этилган. Фанлар академияси, тасарруфида илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаси мавжуд вазирлик ва идоралар қошида мониторинг гуруҳларининг ташкил қилиниши ҳам унинг ташаббуси билан йўлга қўйилган.

Мамлакатимиз фани ва илғор технологиялари соҳасида хорижий давлатлар билан ҳамкорликнинг узвий йўлга қўйилишида Пўлат Ҳабибуллаевнинг ҳиссаси, айниқса, эътиборга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар марказининг турли давлатлар билан тузилган олтмишдан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро келишувлари бўйича илмий-техник ҳамкорлик соҳасидаги ишлар фикримизга далил бўла олади. Устоз ташаббуси ва бевосита иштирокида тенглик ва ўзаро манфаатлилик тамойилида бир қатор хорижий ва халқаро жамғармалар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳалар амалга оширилди.

Бугунги кунда Россия, Хитой ва Япония давлатларининг илмий-ташкилотлари билан ҳамкорликда сейсмологик хавфни олдиндан аниқлаш ва қишлоқ хўжалигида экологик соф агротехнологияларни қўллаш борасидаги илмий ва амалий изланишларнинг яхши йўлга қўйилгани ҳам устоз раҳбарлигида бошланган ўзаро илмий алоқаларнинг мантиқий давомидир.

Саксондан ортиқ патент ва муаллифлик гувоҳномасига эга бўлган Пўлат Ҳабибуллаевни хорижлик олимлар йирик ихтирочи сифатида тан олган. У Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг икки маротаба олтин медалини олишга муваффақ бўлган. Устоз Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, Ислом давлатлари академияси академиги бўлган эди.

Пўлат Ҳабибуллаевнинг мамлакат илм-фанига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан юксак қадрланган ва у Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони ва «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

Мақоламиз аввалидаги фикрга қайтсак, Даврон Матрасуловнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси иссиқлик физикаси бўлимида ишлаши ва йигирма саккиз ёшида докторлик диссертациясини ҳимоя қилишида Пўлат Ҳабибуллаевнинг хизмати беқиёсдир. Устознинг ноанъанавий йўлда шогирди номзодлик ишини докторлик ҳимоясига олиб чиқишдаги жонкуярлиги ҳали-ҳамон эсимизда.

Абдулла Саидов,
Шавкат Отажонов,
Физика-математика фанлари докторлари, профессорлар.

ЎзА
4 657






Все о погоде - Pogoda.uz