ЎзА Ўзбек

21.04.2017 21:08 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик олимга халқаро мукофот топширилди

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг профессори Ҳусниддин Олимов Халқаро Фанлар академиясининг мукофотига сазовор бўлган 22 нафар ёш олим қаторидан жой олди.

Ҳусниддин Олимов 2016 йил якунлари бўйича Ўзбекистондан мазкур нуфузли мукофотга лойиқ деб топилган ягона номзоддир. Олим ушбу мукофотга сўнгги беш йилда физика фани бўйича етакчи халқаро журналларда чоп этилган мақолалари учун сазовор бўлди. Халқаро Фанлар академиясининг ушбу мукофоти жаҳоннинг 16 мамлакатидан бўлган ёш олимларга топширилган.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобохўжаев ва бошқалар юртимиз олимлари мамлакатимиз ва дунё илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётганларини таъкидлади. Университетнинг ёш ўқитувчиси эришган муваффақият Ўзбекистонда истеъдодли ёшлар кўплиги ва уларнинг фаолияти давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Яқинда мазкур университетда маҳаллий профессорларни тайёрлаш дастурини амалга ошириш бошланди. Дастур доирасида ёш ўқитувчилар ва академик йўналишдаги мутахассислар дунёнинг етакчи олий ўқув юртлари, хусусан, Жанубий Кореяда ўқиш ва малакасини ошириш имкониятига эга бўлади. Бу нафақат Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўқитиш сифатини ошириш, балки мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳусниддин Олимов 1998 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг физика факультетини битирган. Кейинги илмий фаолиятини Германия ва Покистонда давом эттирган. Ёш олим ядро физикаси ва юқори энергиялар физикаси бўйича тадқиқотлар олиб боради. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институтининг юқори энергиялар лабораториясининг етакчи илмий ходими бўлган Ҳ.Олимовнинг 50 дан ортиқ илмий мақоласи чоп этилган. Уларнинг аксарияти дунёга машҳур илмий нашрлар, хусусан Америка физика жамияти ҳамда Европа физика жамияти журналларида эълон қилинган.

Бош қароргоҳи Италиянинг Триесте шаҳрида жойлашган Халқаро Фанлар академияси 1983 йилда ташкил этилган. Академия илм-фан ва инжинирингни ривожлантиришга кўмаклашади ва ҳар йили олимларга грантлар ажратади.

– Ўзбекистонда истеъдодли ёшлар кўп. Бу заминда илм-фаннинг кўплаб тармоқлари тараққиётини юз йиллар аввал белгилаб берган машҳур олимлар яшаб ўтган, – дейди Ҳ.Олимов. – Шундай нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлганим ва Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсини янада юксалтиришга ҳисса қўшганимдан хурсандман. Истеъдодли талабалар билан биргаликда буюк аждодларимизнинг изланишларини давом эттирамиз.

Роман Бондарчук, ЎзА
16 253