ЎзА Ўзбек

10.11.2016 17:04 Чоп этиш версияси

Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорлик илм-фан равнақининг муҳим омилидир

Тошкентда ўтаётган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олим иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Нобору Кавамото, Хоккайдо университети профессори (Япония):

– Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлган. Умумбашарий цивилизациянинг узвий қисми – аниқ фанлар ривожида улуғ аждодларингизнинг хизматлари катта эканини халқаро жамоатчилик яхши билади. Хусусан, шу заминдан етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўнлик позицион ҳисоблаш тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчи бўлиб асослаб берган, амалиётга татбиқ этган. Бу нафақат математика, балки астрономия ривожида кескин бурилиш ясаган. Дунё илмида замонавий кибернетиканинг фундаментал тушунчаси – «алгоритм» Ал-Хоразмий номига нисбат берилиши ҳам бежиз эмас.

Мазкур симпозиум мисолида айтиш мумкинки, бу эзгу анъаналар бугун ҳам изчил давом эттирилмоқда. Форумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар қамраб олинган. Биз бунда элементар зарралар физикасининг муҳим масаласи – оламни қамраб олган тўрт фундаментал (электромагнит, кучсиз, кучли ва гравитацион) ўзаро таъсирни муваффақиятли ифодалайдиган Стандарт моделни ривожлантиришнинг янги услубини таклиф қилмоқдамиз.

Абдул-Ати Маҳмуд, Африка Фанлар академияси вице-президенти (Миср):

– Мисрликлар улуғ ватандошингиз Аҳмад Фарғоний номини катта ҳурмат-эҳтиром билан тилга олади. Чунки бу аллома ўрта асрлардаги асосий астрономик асбоб – устурлоб назариясини ишлаб чиққан, Нил дарёсида сув оқимининг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган машҳур иншоот – Миқёси Нилни яратган. “Ниломер” орқали дарё оқимидаги мавсумий ўзгаришлар ва уларнинг даражалари муттасил кузатилган, оқим сатҳи белгиланган. Бу асрлар давомида наинки мисрликлар, балки Нилдан сув ичадиган барча давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволини башорат қилишда катта ўрин тутган.

Бугун Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсишга эришилаётгани, илм-фан, таълим ва маданият кенг ривож топиб, халқаро илмий ҳамкорликлар кўлами кенгайиб бораётганидан яхши хабардормиз. Бу, бир томондан, илм-маърифатга интилиш ўзбек халқининг қонида борлиги, мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, илм-фан ва таълим тизими тараққиётига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани туфайлидир. Илм-фан ва таълим ривожига йўналтирилган сармоя келажакка сармоядир. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлса, илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари фаолияти кенгаяди, таълим-тарбия равнақ топади, билим олишга қизиқиш кучаяди. Буни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакат тараққиётга эришиши шубҳасиз. Тарихнинг бу ҳақиқати Ўзбекистон ҳаёти мисолида яна бир бор ўз исботини топмоқда.

Биргитта Нордстрем, Копенгаген университети профессори (Дания):

– Жаҳондаги ҳар бир астроном Ўзбекистонга келишни, айниқса, Самарқандда бўлиб, Мирзо Улуғбек бундан олти аср аввал барпо этган обсерваторияни ўз кўзи билан кўришни истайди. Буюк аждодингиз XV асрда тузган астрономия жадвалида 1018 юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви баён қилинган. Бу асар астрономик ўлчовлар бўйича 16 аср давомида яратилган биринчи янги каталог эди. Шу боис Ойдаги кратерлардан бири айнан Мирзо Улуғбек номи билан аталади.

Тепамизда чарақлаб турган Қуёш ҳамда бепоён осмонимизни безаб турган юлдузлар, биз яшаб турган Ер ва шунга ўхшаш барча планета Сомон йўли аталмиш галактикада ҳаракатланади. Кейинги йилларда галактикалар ва улар тўдаларининг фазода жойлашиши ва ҳаракатланиши маълум бир қонуниятга бўйсунган ҳолда кенгаяётганлиги аниқланди. Мазкур симпозиумда Сомон йўли галактикамизнинг келиб чиқишини тушунишга оид маърузам билан қатнашяпман. Бу – сайёрамизда ҳаёт қай тарзда бошланганини англаш демак. Дарвоқе, яна бир буюк ватандошингиз Абу Райҳон Беруний бундан ўн аср аввал Сомон йўлини «тумансимон юлдузларга ўхшаш саноқсиз қисмлар тўплами», деб таърифлаган.

Александр Гусев, Россиянинг «ТАТА» илмий-техникавий маркази бош директори, академик:

– Ўзбекистоннинг қуёш энергиясидан фойдаланиш имконияти жуда катта. Бу ерда қуёш энергиясининг ялпи салоҳияти 51 миллиард тонна нефть эквивалентидан ортиқ экани ҳам кўп нарсадан далолат беради. Мамлакатингиз ушбу соҳани ривожлантириш бўйича малакали мутахассисларга эга. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергия ишлаб чиқаришдаги энг янги технологияларни жорий этиш ва соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жаҳон иқтисодиёти тармоқларида энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Мазкур форумда қайта тикланувчи, экологик соф энергия манбаларидан фойдаланишда илм-фаннинг энг янги ютуқларини қўллаш борасидаги қатор муҳим масалалар муҳокама этилаётгани катта аҳамиятга эга. Симпозиумда электрохромик тизимларнинг янги креатив технологиялари ҳақидаги маърузам билан қатнашяпман. Бу қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришда қуёш ячейкаларини ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш каби долзарб масалаларнинг ўзига хос бир ечимидир.

Умид Ёқубов, ЎзА
9 144