Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

17.03.2018 17:48 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда олимларнинг ҳуқуқий мақоми белгиланади

Мамлакатимизда илк бор "Фан тўғрисида"ги қонун қабул қилинмоқда. Шу йилнинг февраль ойидан халқ муҳокамасига қўйилган мазкур қонун лойиҳасига кўплаб таклифлар, мулоҳазалар билдирилмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясида ушбу қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ўтказилган тадбирда депутатлар, экспертлар, академия тизимидаги илмий изланувчилар, ёш олимлар ва журналистлар иштирок этди.

"Фан тўғрисида"ги қонуннинг 20-моддаси олимнинг ҳуқуқий мақоми, деб номланади ва бундай ҳуқуқий тушунча қонунчилигимиз учун янгидир. Мазкур қонун лойиҳаси юртимиз илм-фани олдида турган долзарб муаммоларнинг ечимини кўрсатиш билан бирга, унинг истиқболдаги тараққиётини белгилаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир.

Қонун лойиҳасини ҳалқаро ташкилотлар ҳужжатларидаги нормалар билан мувофиқлаштириш, илмий тадқиқот билан шуғулланишда хусусий секторни кучайтириш, илмий кадрларни тайёрлашда мантиқий тафаккур, қобилиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш, соҳада фаолият олиб борадиган изланувчиларга ижтимоий, солиқ имтиёзларини ошириш тўғрисида ва бошқа таклифлар билдирилди.

Инобат Аҳатова, ЎзА мухбири