ЎзА Ўзбек

21.01.2019 18:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон – Германия: илм-фан ва таълимдаги ҳамкорликнинг янги босқичи

Ижтимоий тараққиётнинг глобал ва устувор тамойилларидан бири – инсон фаолияти барча босқичларида, жумладан, фан ва таълим соҳаларида намоён бўладиган интеграция жараёнидир.

Ўзбекистон билан Германия ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўп йиллик тарихга эга. Хусусан, германиялик олимлар, илмий доира вакиллари азалдан юртимиз тарихи, миллий урф-одат ва анъаналарига катта қизиқиш билан қараган. Ўз навбатида, мамлакатимиз кенг жамоатчилиги ҳам Германиянинг ўтмиши ва замонавий ривожланиш йўли, ижтимоий-иқтисодий қиёфасини ўрганишга алоҳида аҳамият берган.

Шу ўринда “Марказий Осиё“ атамаси биринчи марта таниқли немис олими Александр фон Гумбольдт томонидан 1843 йили Парижда нашр этилган уч жилдли “Марказий Осиё тоғ тизмаларини тадқиқ қилиш ва иқлимларни таққослаш“ асарида қўлланилганини эслаш ўринли. Унда олим ички суғориш тизими ва тоғ тизмаларини ўрганиш асосида Марказий Осиёни алоҳида, ўзига хос минтақа сифатида тасвирлайди. Шундан сўнг “Марказий Осиё“ тушунчаси бугунги кунга қадар географик атама сифатида қўлланиб келинмоқда.

Ҳозирги кунда Германия таълим ва касбга йўналтириш, илм ва илмий тадқиқотларга кенг эътибор берадиган давлат сифатида танилган. Буни Нобель мукофоти соҳибларининг 91 нафари ушбу давлат вакиллари экани ҳам тасдиқлайди. Бугунги кунда мамлакатимизнинг 800 дан ортиқ талаба-ёшлари, илмий тадқиқотчилари Германия олий таълим муассасаларида таълим олаётганини ҳам айни шу билан изоҳлаш мумкин. Илғор хориж тажрибасини ўрганиб, турли соҳалардаги замонавий технологияларни Ўзбекистонда жорий этишни мақсад қилган ёшлар учун бундай имкониятлар мамлакатимиз тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда Германия академик алмашувлар хизмати, Тошкентдаги Гёте институти, Конрад Адэнауэр ва Фридрих Эберт номидаги жамғармаларининг мамлакатимиздаги ваколатхоналари, Немис халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича институти ташкилотлари томонидан яратилмоқда.

Кейинги йилларда таълим ва илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор, жумладан, ёшларнинг халқаро меъёрлар асосида билим олиши учун яратилаётган қулай шароит, илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами Германияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу мамлакатларимизнинг маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини янги босқичда ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи олдидан Берлинда Ўзбекистон – Германия маданий ҳамкорлиги бўйича қўшма комиссия мажлиси бўлиб ўтди. Бу икки давлат ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб берди.

Комиссия мажлисида мамлакатимизнинг Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими ҳамда Маданият вазирликлари, шунингдек, Фанлар академияси вакиллари, Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси қатнашди. Германия томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, Германия академик алмашув хизмати ва Гёте институти вакиллари иштирок этди.

Тадбирда фан ва маданият, олий таълим, умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, немис ва ўзбек тилларини ўрганиш, оммавий ахборот воситалари ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик, маданий ёдгорликлар ва маданий қадриятларни тиклаш каби йўналишларда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.

Германиялик ҳамкорлар Тошкент шаҳридаги 60-умумтаълим мактабига Гёте, Бухоро шаҳридаги 4-умумтаълим мактабига Иоганн Кристоф Фридрих фон Шиллер ва Самарқанд шаҳридаги 51-умумтаълим мактабига Вильгельм фон Гумбольдт номлари берилганини катта мамнуният билан қайд этишди.

Мажлис якуни бўйича эришилган келишувлар Ўзбекистон билан Германиянинг маданий, илмий-маърифий соҳалардаги ҳамкорлигини янада кенгайтириш, барча даражадаги иштирокчиларнинг бевосита учрашув ва музокараларига кўмаклашиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Сирожиддин Мирзаев,

Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академияси вице-президенти.



ЎзА