ЎзА Ўзбек

11.11.2016 16:13 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон фундаментал ва аниқ фанларни ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга

Тошкентда бўлиб ўтган «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзуидаги халқаро симпозиумда жаҳон физикасидаги долзарб фундаментал ва амалий масалалар муҳокама қилинди. Форумда Ўзбекистон, Россия, Хитой, АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Миср, Япония, Франция, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Бельгия, Австралия каби қарийб 30 давлатдан 300 дан ортиқ етакчи физик олимлар иштирок этди.

ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди.

Альфред Молина, Барселона университетининг космос институти профессори (Испания):

– Мазкур симпозиум дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан ташриф буюрган, жаҳон физика фанида катта шуҳрат қозонган кўплаб олим ва мутахассислар, тадқиқотчилар учун ўзаро фикр ва тажриба алмашишда ғоят аҳамиятли бўлди. Дунё олимлари ўрта асрлардаги Шарқ Уйғониш даврининг ўзига хос хусусияти, аввало, математика, астрономия, физика каби аниқ фанлар ривожида намоён бўлишини таъкидлайди. Бунда шу заминдан етишиб чиққан буюк мутафаккир ва алломаларнинг муносиб ҳиссаси бор. Масалан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб Ер радиусини ҳисоблаб чиққан, вакуум – бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берган.

Абу Райҳон Берунийнинг XI асрдаги нур кичик заррачаларнинг тўлқинсимон ҳаракатидан таркиб топгани тўғрисидаги ғояси билан Исаак Ньютон XVII асрда кашф қилган ёруғликнинг корпускуляр (заррача) назарияси ўртасида боғлиқлик бор. Ушбу халқаро форумда Ньютон назариялари, хусусан, Ньютон ва Эйнштейн даври оралиғидаги «бўшлиқни тўлдириш»га оид маърузам билан қатнашдим.

Ю Лу, Хитой Фанлар академияси физика институти профессори:

– Буюк ипак йўли туфайли Ўзбекистон ва Хитой қадимдан турли соҳаларда, хусусан, илм-фан бўйича ҳам мустаҳкам ҳамкорлик қилиб келган. Ватанингиз ҳамиша цивилизациялар марказида бўлган, бу ерда турли даврларда дунё олимлари бирлашиб, фаннинг турфа йўналишларида тадқиқотлар олиб борган. Мазкур симпозиумда жаҳон физиклари Тошкентда жамланиб, дунё физикасидаги энг долзарб назарий ва амалий масалаларни муҳокама қилгани Ўзбекистондаги тинчлик-барқарорлик ва илм-фан тараққиёти йўлида яратилаётган замонавий имкониятларнинг яна бир ҳаётий натижасидир.

Ўзбекистонда физиканинг деярли барча йўналиши, жумладан, конденсирланган муҳит (қаттиқ, суюқ ва газсимон моддалар) физикаси бўйича фундаментал асосга эга илмий мактаблар шаклланган. Ярим аср илгари Хитойда замонавий конденсирланган муҳит физикаси деярли мавжуд эмас эди. Аммо ўтган 30 йил давомида вазият ўзгарди. Мазкур симпозиум биз учун бу борада етарлича фикр ва тажриба алмашиш борасида катта имконият бўлди.

Абдул Карим ибн Моҳд Ароф, Malaya университети физика департаменти профессори (Малайзия):

– Ўзбекистон барқарор тараққий этаётган давлатлардан. Бунда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкам йўлга қўйилгани муҳим омил бўлмоқда. Янги материаллар олиш, уларни саноат ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида қўллаш мамлакат ривожи, аҳоли ҳаёт сифатининг ошишида жуда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур симпозиумга наноэлектроспин усулида олинган литий никель асосли материалнинг синтези ва тавсифлари ҳақида маъруза тайёрладим. Ушбу материал нанозаррача ва нанотола тузилишига эга бўлиб, ноёб физик хоссаларни намоён қилади. Уни тиббиёт, электроника, машинасозлик ва бошқа соҳаларда қўллаш мумкин.

Сони Викрам, Жавоҳарлал Неру номидаги университетнинг Назарий физика маркази профессори (Ҳиндистон):

– Халқингизда илм билан машғул бўлиш «игна билан қудуқ қазиш»га ўхшатилади. Аслида ҳам шундай. Фақат эртанги кунига ишонган, барқарор тараққиёт йўлини аниқ белгилаб олган давлатлардагина илм-фан ривожига катта аҳамият қаратилади, бу борада зарур барча шарт-шароит яратиб берилади.

Мазкур симпозиум мисолида Ўзбекистонда фундаментал ва аниқ фанларнинг изчил равнақ топиши учун етарлича имконият ва салоҳият борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Жаҳон физикларини жамлаган ушбу форумга илмий мақолалар тайёрладим. Уларда астрофизиканинг муҳим йўналишлари, хусусан, магнетарлар, яъни юқори магнит майдонига эга нейтрон юлдузларини бутун коинот бўйлаб астрофизик кузатувларда магнит майдони келиб чиқишининг янги моделини яратиш масалалари ҳақида фикр юритилган.

Рашид Сюняев, Гархинг шаҳар Макс Планк номидаги жамиятнинг Астрофизика институти директори, академик (Германия):

– Ўзбекистон – киндик қоним томган юрт: Тошкентда туғилганман, шу ердаги ўрта мактабда таълим олганман. Ҳар гал Тошкентга келсам, катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан. Ўзбекистон астрофизикларининг илмий изланишларини мунтазам кузатиб бораман.

2007 йил октябрда Майданак расадхонасида қуёш тизимидаги янги кичик планета аниқлангани, Гарвард кичик планеталар маркази уни 2009 йилда 210271-рақам билан расмийлаштиргани наинки Ўзбекистон тарихида, балки жаҳон астрономиясида ҳам муҳим воқеадир. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таклифи билан 2010 йилда бу кичик сайёрага «Самарқанд» номи берилган. Мазкур симпозиумда «Спектр-рентген-гамма» халқаро астрофизика орбитал обсерваториясининг Ўзбекистон олимлари иштирок этган илмий дастурлари мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини муҳокама қилдик. Ўйлайманки, Ўзбекистон астрофизиклари билан илмий ҳамкорлигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади ва ўзининг юксак самараларини беради.

Шуҳрат Эгамбердиев, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, профессор:

– Симпозиумда атмосфера тасвири сифати ҳақидаги кўп йиллик кузатув маълумотлари банки мавжуд жаҳондаги тўртинчи расадхона – Майданак обсерваториямиздаги астрофизик тадқиқотлар, эришилган ютуқларни халқаро миқёсда яна бир бор кенг намойиш этдик. Ҳозир хорижлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда бу ерда кўп сонли кузатув ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Бутун дунё бўйича блазарларни кузатиш телескоплари дастури (Whole Earth Blazar Telescope) бўйича қарийб 30 блазар – галактикалар астрономиясини ўрганишда коинотдаги энг муҳим ҳодисаларнинг узлуксиз мониторинги олиб борилмоқда. Яна бир маълумот: обсерваториямизда 2003 йилдан бери коинотда содир бўлган юздан ортиқ гамма чақнашлар, уларга тегишли ўнлаб мавжуд ва ўта янги 5 галактика кузатилган.

Институтимиз ва Хитойнинг Миллий астрономик обсерваториялар уюшмаси ҳамкорлигида Майданак обсерваториясидаги Цейсс-1000 телескопи тўлиқ такомиллаштирилмоқда. Натижада 2016-2020 йилларда самони тўлиқ кузатишга эришамиз, бу 150 миллиондан ортиқ юлдузнинг замонавий, энг юқори аниқликдаги каталогини, юқори сифатли ва масофага боғлиқ бутун осмон харитасини тузиш имконини беради.

Умид Ёқубов, ЎзА
14 066