ЎзА Ўзбек

07.12.2016 14:16 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Фанлар академияси президентининг виртуал қабулхонаси очилди

Мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига эътибор қаратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги «Вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар ва туманлари ҳокимларининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни талабларини сўзсиз бажариш юзасидан жавобгарлиги тўғрисида»ги қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентининг виртуал қабулхонаси (fa-vq.uz) очилди. Энди турли долзарб масалалар, муаммолар, ариза, шикоят ёки таклифлар билан тўғридан-тўғри Академия президентига мурожаат қилиш мумкин.

Бунда мурожаатни икки усулда – (0 371) 233 59 86 рақамига қўнғироқ қилиб ёки fa-vq.uz манзилидаги махсус мурожаат шаклини тўлдириб юбориш мумкин. Сайт орқали онлайн мурожаат юбориш шакли ҳамма учун тушунарли ва содда тузилган. Сайтда мурожаат натижасини (жавоб берилган-берилмаганини) текшириш мумкин. Онлайн мурожаатларда электрон рақамли имзо талаб қилинмайди.

Фанлар академияси, унинг тизимидаги муассаса ва ташкилот раҳбарлари жисмоний ва юридик шахслар учун шахсий қабуллар ташкил этмоқда. Бундан ташқари, мурожаатлар academy@academy.uz электрон почта манзили орқали ҳам қабул қилинмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида мурожаатлар билан ишлаш сифатини тубдан яхшилаш, муаммоларга ўз вақтида ечим топишда муҳим омил бўлади.

ЎзА
13 269