ЎзА Ўзбек

19.10.2017 18:52 Чоп этиш версияси

Ўзбек олимларининг инновацион тадқиқотлари халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда

Тошкентдаги Турин политехника университетининг илғор тадқиқотлар лабораторияси ходимлари Тошкент архитектура-қурилиш институтининг бинолар сейсмобардошлилиги кафедрасидаги ҳамкасблари билан ҳамкорликда юртимиз маданий ёдгорликларини асраб-авайлашга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Улар Самарқанддаги Бибихоним масжиди ансамблининг муҳандислик ҳолатини реал вақт режимида мониторинг қиладиган тизим ўрнатишни режалаштирмоқда. Бу мазкур тарихий ёдгорликнинг бардошлилигини узайтиришга хизмат қилади. Буни амалга ошириш имконияти ўзбек олимларининг илғор инновацион тадқиқотлари халқаро миқёсда кенг эътироф этилиши самарасида пайдо бўлди.

Ночизиқли динамика ва тартибсизлик назарияси, мураккаб тизимлар физикаси, наноўлчамдаги тизимлар физикаси, илғор фотовольтаик материаллар физикаси, квант информатикаси Тошкентдаги Турин политехника университети илғор тадқиқотлар лабораторияси фаолиятининг асосий йўналишларидир.

Олий таълим муассасаси ходимлари иккита халқаро грант – ГФРнинг Таълим ва илмий тадқиқотлар федератив вазирлиги ҳамда АҚШ элчисининг маданий қадриятларни сақлашга оид грантини қўлга киритди. Мазкур грантлардан бири доирасида лаборатория ходимлари Бибихоним ансамблини сақлаш бўйича ўз лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ЎзА мухбири университетнинг илғор тадқиқотлар лабораторияси кафедраси мудири, физика-математика фанлари доктори Даврон Матрасулов билан суҳбатлашди:

– Юртимизда кўплаб меъморий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, – дейди Д.Матрасулов. – Шундай экан, уларни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказишни таъминлаш вазифамиздир. Чунки қуёш, шамол таъсири ва вақт ўтиши билан уларда таркибий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Инновацион марказимизда яратилган мониторинг қилиш тизими буларнинг барчасини реал вақт режимида кузатиш ва ушбу маълумотларни компьютерга ёзиб бориш имконини беради. Бир пайтнинг ўзида ҳаво ҳарорати ва намлиги, атмосфера босими ҳам кузатиб борилади.

Лойиҳа ишлари Тошкент архитектура-қурилиш институтининг бинолар сейсмобардошлилиги кафедраси билан ҳамкорликда жорий йил ноябрь ойидан бошлаб амалга оширилади. Кейинги йил март ойида Самарқанддаги Бибихоним масжидида илғор инновацион технологияларга асосланган мониторинг тизимини ўрнатишни режалаштирмоқдамиз. Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиёда бундай тажриба ҳали ўтказилмаган, шу боис мазкур ишланмага бутун минтақада талаб юқори бўлади.

Германия Федератив Республикасининг Таълим ва илмий тадқиқотлар федерал вазирлиги томонидан тақдим этилаётган иккинчи грант лойиҳасига кўра, биз полимер ва перовскитлар асосида мазкур элементлар асосида қуёш батареялари хусусиятини оптималлаштиришга йўналтирилган ингичка плёнкали қуёш элементларида зарядлар динамикасини моделлаштириш бўйича тадқиқотлар ўтказамиз.

– Сиз раҳбарлик қилаётган лабораторияда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.

– Лабораториямизга 2012 йилда асос солинган бўлиб, халқаро даражадаги рақобатбардош илмий тадқиқотлар ўтказиш фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Беш йиллик фаолиятимиз давомида илм-фан соҳасида салмоқли ютуқларни қўлга киритдик. Масалан, лабораториямизнинг 5 нафар ходими хорижий университетларнинг PhD илмий даражасини олди, 16 ходим халқаро грант ва стипендиялар соҳиби бўлди, қатор нуфузли халқаро нашрларда ходимларимизнинг 50 дан ортиқ мақоласи чоп этилди. Лаборатория ҳузурида параллел ҳисоблаш кластерлари билан жиҳозланган Юқори тезликда ҳисоблаш илмий маркази ташкил этилган. Фотовольтаик, оптика ва наноэлектроникада қўлланиладиган илғор функционал материаллар хоссасини моделлаштириш мазкур марказда олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларидан саналади. Лабораториямизда юртимизнинг ёш олимларидан ташқари хорижликлар ҳам бўлиб, улар таклиф этилган ўқитувчи сифатида фаолият юритади. Япониялик физик, профессор Кацухиро Накамура ва профессор Чикахиро Минова ана шундай олимлардан. Ҳар йили Япония, Жанубий Корея, Индонезия ва бошқа давлатлардан ёш олимлар қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш мақсадида лабораториямизга ташриф буюради.

Шунингдек, илмий лабораториямиз томонидан халқаро анжуманлар ҳам мунтазам ўтказилади. Сўнгги йилларда пойтахтимизда, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида 12 халқаро анжуман ташкил этдик. Уларда 500 дан ортиқ машҳур физик олим замонавий физиканинг турли йўналишларидаги долзарб муаммоларга бағишланган ўз маърузаларини тақдим этди. Кўпчилик ёш тадқиқотчилар бу олимлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг илмий лабораторияларида изланиш олиб бориш имкониятига эга бўлди. Шу кунларда Хива шаҳрида “Физикада конденсацияланган муҳитлар бўйича сўнгги ютуқлар: паст ўлчамдаги тизимларда квант транспорти, топологик эффект ва энергия конверсияси” мавзуида яна бир анжуман бўлиб ўтмоқда. Унда Германия, Буюк Британия, АҚШ, Исроил каби 20 дан ортиқ давлатдан профессорлар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

Ҳозирги пайтда лабораториямиз Германия Федератив Республикасининг Дюссельдорф, Ольденбург, Гёттинген, Фрайбург, Хемниц ва Бонн сингари етакчи университетлари ва илмий марказлари, Япониянинг Васеда, Осака, Токио университетлари билан яқин ҳамкорлик қилмоқда.

– Айни пайтда яна нималар устида иш олиб борилмоқда? Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Яқин 15-20 йилликда қуёш энергетикаси энг истиқболли соҳа бўлади. Бу мамлакатимиз учун айни муддаодир. Зеро, юртимизда йилнинг 300 куни қуёш чарақлаб туради. Турли маълумотларга кўра, ўтган 2016 йилда дунё миқёсида қуёш энергиясидан 300 ГВт дан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган.

Ўтган йили Ўзбекистон Физика жамияти ва университетимиз ҳамкорлигида ингичка плёнкали қуёш элементлари муаммолари бўйича Бухоро шаҳрида халқаро анжуман ташкил этилди. Унда дунёнинг етакчи олимлари фотовольтаиканинг келажаги – кремний элементидан ҳам самарадор бўлган ингичка плёнкали қуёш элементларининг учинчи ва тўртинчи авлоди билан боғлиқ, деган фикрга келишди.

Дунё олимлари томонидан нисбатан қисқа вақт – беш йилда уларнинг конверсион самарадорлигини 8 фоиздан 25 фоизгача оширишга эришилди. Мазкур кўрсаткични 35 фоизгача ошириш ва зарур мустаҳкамликни таъминлаб, кремний элементларини таннархи кремнийга нисбатан 10-15 баробар арзон бўлган перовскит асосида ингичка плёнкали элементларга алмаштириш мумкин. Бундай қуёш элементлари арзонлигидан ташқари, эгилувчан, вазни бироз енгил, қуёш панелларига нисбатан экологик хавфсиз ҳисобланади. Бу борадаги тадқиқотларимиз мақсадга эришишимизда муносиб ҳисса бўлишига ишонамиз.

Икки ўлчамли материал – келажак наноэлектроникасида яқин истиқболда асосий материал бўлиши кутилаётган графеннинг электрон ва оптик хоссаларини ўрганиш – лабораториямизнинг бошқа йўналишдаги муҳим тадқиқотларидан биридир.

Лабораториямизнинг ёш олимлари квант информатикаси соҳасида сезиларли тараққиётга эришишга замин яратган қатор ютуқларни қўлга киритди. Хусусан, квант тармоқларида самарали, бошқарувдаги квант информатикаси масалаларини ечишга эришди. Квант информатикасида бошқа истиқболли натижалардан бири, квант компьютерларидаги асосий коммуникацион тармоқлардан бўлган графеннинг наноўлчамли тармоқлари модели ҳисобланади. Тадқиқотларнинг етакчи халқаро илмий нашрларда чоп этилгани уларнинг юксак илмий даражасидан далолатдир.

Аблай Камолов, ЎзА
14 137