ЎзА Ўзбек

10.12.2013 13:12 Чоп этиш версияси

Замонавий таълим самаралари

Мамлакатимизда демократик ўзгаришлар ва иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг зарур шарти сифатида таълим соҳасини такомиллаштириш изчиллик билан амалга оширилмоқда. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида баркамол авлодни тарбиялаш, уларга ҳеч кимдан кам бўлмаган замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида Ўзбекистонда таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўн икки йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилди. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида янги таълим муассасалари барпо этилди, мавжудлари замонавий андозалар асосида реконструкция қилиниб, таъмирланди.

Президентимизнинг 2004 йил 21 майдаги “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури тўғрисида”ги фармонига асосан Сирдарё вилоятида 2004-2013 йилларда 105 мактаб биноси реконструкция қилиниб, 137 мактаб капитал таъмирланди. 8 янги мактаб барпо этилди. Ушбу мақсадларга 63 миллиард 490 миллион сўм маблағ сарфланди. Барча мактаблар замонавий ўқув мебеллари, компьютер техникаси, кўргазмали қуроллар, дарсликлар билан тўлиқ таъминланган. 280 мактаб компьютерлари интернет тармоғига уланган.

– Мактабимизга 2012 йилда 10 замонавий универсал доска, 12 нетбук, “Epson” видеопроектори ўрнатилди, – дейди Ховос туманидаги 14-умумтаълим мактаби директори Саодат Тошқулова. – Парта, стол-стул ва бошқа мебель жиҳозлари янгиланди. 15 “Janove” русумли тикув машинаси, дурадгорлик ва чилангарлик асбоб-ускуналари, замонавий ва миллий мусиқа асбоблари келтирилди. Мухтасар айтганда, ўқувчининг билими ва салоҳиятини ошириш, қобилиятини юзага чиқариш учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши ўқув жараёнига янги педагогик услубларни жорий этиш, ахборот-технологияларидан самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Вилоятдаги 202 мактабда компьютер синфлари ташкил этилиб, уларга электрон дарсликлар ўрнатилган. Айрим мактабларда дарслар интернет орқали бошқа таълим муассасалари билан боғланган ҳолда он-лайн мулоқот тарзида ўтказилмоқда.

Ногирон болалар учун инклюзив таълим тизими йўлга қўйилган. Уларга махсус бириктирилган ўқитувчилар белгиланган таълим стандартлари асосида сабоқ бермоқда.

– Болалигимдан ногиронман, – дейди Ховос тумани “Соҳибкор” қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Акмал Ниназаров. – Қишлоғимиздаги 3-ўрта мактаб ўқитувчилари ёрдамида уйда ўрта маълумотли бўлдим. Теварак олам, табиат, жамият қонуниятларидан хабардор бўлиб, маънавият асосларини ўргандим. Ҳунарли бўлдим. Ҳозирда телевизор устасиман. Ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Биз ногиронларнинг тенгдошларимиздан ортда қолмаслигимизни ўйлаб, мана шундай алоҳида шароит яратиб бераётган Юртбошимиздан миннатдормиз.

Ногирон болаларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Уларга жисмоний ва ақлий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мактабдаги машғулотларга қатнашиш, тенгдошлари билан болалик гаштини суриш имконияти яратилмоқда. Фанларни ўзлаштиришда тенгдошлари кўмаклашмоқда.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2013 йилдан бошлаб барча умумий ўрта таълим мактабларида 1-синфдан чет тили ўқитилмоқда. Уларга инглиз, немис, француз тиллари расмлар, ўйинлар, қўшиқ ва шеърлар, мультимедиали иловалар асосида ўтилмоқда. Мактабларда жами 549 чет тили хоналари ташкил этилиб, компьютерлар, DVD плеерлар, банер ва бошқа кўргазмали жиҳозлар билан таъминланди.

Таълим муассасаларини янгилаш, айниқса қишлоқ жойларда замонавий спорт иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда. 2013 йилда 17 таълим муассасасида капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. 3 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 спорт мактаби ва 5 спорт зали бунёд этилди.

Ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар Президентимизнинг “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт” деган фикрларининг ҳаётдаги ифодаси сифатида ҳар биримизга ғурур-ифтихор бағишлайди.


ЎзА, А.Мустафоқулов
7 328