ЎзА Ўзбек

15.01.2013 16:59 Чоп этиш версияси

Ўз касбининг фидойиси

Ёш авлоднинг чуқур билимли, кенг дунёқараш ва бой тафаккурга эга бўлишида самарали бошланғич таълим муҳим ўрин тутади. Бунда айниқса, мактаб остонасига эндигина қадам қўйган ўғил-қизларга ҳарф танитиб, илму-маърифат эшикларини очувчи илк устозларнинг ҳиссаси беқиёс. Салкам ўттиз йилдан буён таълим соҳасида меҳнат қилиб келаётган Мўътабархон опа Раҳмонова ҳам ана шундай ўз касбининг ҳақиқий фидойиларидан.

Фарғона шаҳридаги 10-умумтаълим мактабида ўқувчиларга бошланғич таълимдан сабоқ бериб келаётган М.Раҳмонова ўз ишига алоҳида меҳр, пухта тайёргарлик, юксак масъулият билан ёндошади. Турли кўргазмали воситалар, интерфаол методлар орқали болалар диққатини жамлаб, ўқув машғулотларни қизиқарли, жонли ташкил қилади, ўқувчиларнинг қизиқиши, ўзига хос иқтидорларини аниқлаш ва ривожлантириш мақсадида келажак ворислари билан индивидуал иш олиб боради. Ўғил-қизларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш, уларни миллий қадриятларимиз ва анаъаналаримиз руҳига содиқ ва собит қилиб тарбиялаш жонкуяр муаллиманинг доимий эътиборида.

Яқинда Мўътабархон опа ўз ўқувчилари билан саводхонлик байрамини нишонлади. Шу муносабат билан мактабда ташкил қилинган байрам тадбирида “Алифбе” китобини муваффақиятли ўзлаштириб, билим пойдеворини мустаҳкамлаган келажак ворислари қизиқарли саҳна кўринишлари, қувноқ ашула ва рақслари билан йиғилганларнинг олқишига сазавор бўлди.


ЎзА, Муқимжон Қодиров (сурат)
9 587