ЎзА Ўзбек

18.02.2016 15:55 Чоп этиш версияси

Ёш олимлар қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон Фанлар академиясида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси,Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва бошқа муассасалар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёш олимлар кенгаши аъзолари, тадқиқотчилар, ёшлар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари ўзаро ҳамкорликда бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ўтказиб келинаётган «Ёш мутахассис» республика форуми кўплаб иқтидорли ёшлар орзусига қанот бермоқда. Ёшлар ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш учун грантлар ажратилаётир.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази кичик илмий ходими Мирзакамол Аюбов ҳам ушбу танловда фахрли ўринни эгаллади. У қишлоқ хўжалиги соҳасида янги технологияларни жорий этиш орқали ғўзанинг янги навларини яратиш борасида илмий изланишлар олиб бораётир.

– Юртимизда биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган сиёсат порлоқ келажагимизнинг кафолатидир, – дейди ёш олим. – Бу имкониятлар туфайли ғўзанинг эрта пишадиган навини яратишда устозларим қаторида иштирок этдим.

Давра суҳбатида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар атрофлича таҳлил этилиб, талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг илмий фаолияти, хорижий мамлакатларда малака ошириши, истиқболли изланишларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА
9 516