ЎзА Ўзбек

12.01.2017 17:39 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда «XXI аср – интеллектуал авлод асри» шиори остида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Пойтахтимизда «XXI аср – интеллектуал авлод асри» шиори остида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди Ёш авлод қалбида ўқиш ва изланишга нисбатан муҳаббат уйғотиш, бу борада уларни ҳар томонлама рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш буюк келажакни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Тошкент молия институтида бўлиб ўтган «XXI аср – интеллектуал авлод асри» шиори остидаги илмий-амалий конференция ўзининг юксак интеллектуал салоҳияти билан мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни бажаришга қодир етук ёшлар сафи мамлакатимизда кенгайиб бораётганини кўрсатди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари М.Каримов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш “Истеъдод” жамғармаси ижрочи директори А.Пардаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О.Парпиев ва бошқалар мамлакатимизда навқирон авлодни интеллектуал салоҳиятли, зукко қилиб тарбиялаш, уларга пухта билим бериш тизимини тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонун ёшларнинг пухта билим олиши, иқтидорини тўла намоён этиши, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим омил бўлмоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017-2021 йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисидаги фармойиши бу борада муҳим қадам бўлди.

Президентимиз 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намоёндалари билан учрашиб, таълим тизимини янада ривожлантириш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциялашувини такомиллаштириш илмнинг барча соҳаларида фаолият кўрсатаётган олим ва тадқиқотчилар олдидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири эканини алоҳида таъкидлади.

Фан ва технологияларни модернизациялашга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ёш олимларни тарбиялашга кўмаклашиш, улар ўртасида ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида бешинчи марта ташкил этилган “XXI аср – интеллектуал авлод асри” илмий-амалий конференциясига ана шу талаблар асосида тайёргарлик кўрилди.

Икки босқичда ташкил этилган ёш олимлар анжуманининг ҳудудий босқичлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларида ўтказилди. Уларда 1 минг 600 га яқин ёш олим ва талаба ўзларининг илмий мақолалари билан иштирок этди.
Ёшларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ҳудудий конференциялар якунида 11 тўпламдан иборат материаллар чоп этилиб, таълим муассасаларига тарқатилди. Биринчи босқичда фахрли ўринларни қўлга киритган 122 нафар иштирокчи республика конференциясида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.

– Мамлакатимизда таълим тизимининг замонавий талаблар асосида ислоҳ этилиши самарасида аждодларимиз меросини кенг ўрганиш бахтига муяссар бўлдик, – дейди Андижон давлат университети талабаси Н.Абдуллаева. – Мен мамлакатимиз таълим муассасаларида матeматикани ўқитишда Шарқ алломаларининг мeросидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари мавзуида илмий изланиш олиб бормоқдаман. Бу ўқувчиларга Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал-Фарғоний, Муҳаммад ал-Хоразмий сингари бобокалонларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини илмий фактлар билан тушунтириш билан бирга уларда миллий ғурур туйғуларининг янада ортишига хизмат қилади, деб ўйлайман.

Конференцияда ёш тадқиқотчилар “Ижтимоий-гуманитар фанлар”, “Табиий фанлар”, “Аниқ фанлар”, “Техника фанлари” шўъбаларида ўз илмий изланишларини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, етакчи олий ўқув юртлари олим ва профессорлари, соҳа мутахассислари иштирокида муҳокама этди.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 5 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарурлигини таъкидлади, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти катта илмий ходим-изланувчиси И.Саъдуллаева. – Мен ўз мақоламда туғма юрак нуқсонлари билан дунёга келган болаларда тезкор жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан кейинги даврда иммунитет ва ички секреция безлари ҳолатининг хусусиятларини ўрганишга ҳаракат қилдим.

Конференция иштирокчиларининг илмий изланишларини келгусида амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, энг яхши илмий мақолалар муаллифлари Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Беҳзод Бозоров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
19 707