ЎзА Ўзбек

15.02.2016 14:50 Чоп этиш версияси

Янги препарат яратилди

Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари маҳаллий хомашё асосида камқонлик касаллигини даволовчи эритим препаратини яратди. Ҳайвонларнинг безидан олинган ушбу шифо воситаси организмда темир моддаси етишмовчилигида юқори самарадорликка эга эканлиги аниқланди ва уни тиббиёт амалиётига қўллашга рухсат этилди.

– Эритим аналогларига кўра бир неча баробар самарадор жиҳатлари билан ажралиб туради, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори, кимё фанлари доктори, профессор Аббосхон Тўраев. – Унинг асосида муолажа ўтказилганда касалликни даволаш муддати бир неча баробар қисқарди ва беморнинг саломатлиги тез тикланиши маълум бўлди.

Институтда бундай самарали тадқиқотлар кўп. Кейинги йилларда пахтадан олинадиган госсипол ва унинг ҳосилалари асосида ўттиздан ортиқ препарат яратилди. Ўсимликлардан доривор препаратлар олиш технологияси ўзлаштирилди. Ҳозирги кунда қон тўхтатувчи лагоден, герпесга қарши мегосин, вирусли касалликларни даволашда рагосин сингари воситалардан тиббиётда самарали фойдаланилмоқда. Уларнинг барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фан ва ишлаб чиқариш ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Кейинги йилларда институт олимлари яратган ўн бешдан зиёд инновацион ишланма тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасига татбиқ этилди. Яна йигирмага яқин ишланма синовлардан муваффақиятли ўтди.

Дунёда қишлоқ хўжалиги экинларининг касалланиши оқибатида ҳосилни йўқотиш кўрсаткичи ошиб бормоқда. Касалликларга чидамли ўсимликларни яратиш ва пестицидларни қўллаш бу муаммога тўлиқ ечим бўла олмайди. Бунинг учун зараркунандаларга қарши курашнинг биологик усулларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, фитопатогенларга қарши биоген препаратлар жуда самарали. Чунки, бундай табиий усуллар атроф-муҳитга зарар етказмайди. Кейинги йилларда яратилган ДАГ-1 ва ДАГ-2 номли препаратлар ана шундай юқори самарадорликка эга эканлиги маълум бўлди. Айни пайтда ушбу ишланмани жорий этиш юзасидан тажриба-синов ва патентлаш ишлари давом этмоқда.

Институт олимлари яратган ғўза зараркунандаларига қарши курашувчи феромон тутқичлар ҳам биологик кураш усулларидан бири. Бу усул экологик жиҳатдан тоза, бошқа жонзотларга зиён етказмайди, ҳашаротларда унинг таъсирига кўникма ҳосил бўлмайди, уни амалда қўллаш ҳам анча осон. Шу боис бу ишланмага талаб тобора ортиб бормоқда. Ўтган йилги Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида вилоятлардаги ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари билан тузилган шартномалар доирасида 500 мингдан ортиқ феромон тутқич тўпламлари етказиб берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги изланишлар ҳам самарали бўлмоқда. Ҳужайра технологияси асосида уруғлик картошка етиштириш бўйича эришилган натижалар бунга мисолдир. Уч босқичдан иборат ушбу технология асосида ўрта даражада шўрланган ва сув танқис ҳудудларда ҳам яхши ҳосил етиштириш мумкин. Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг ана шундай ҳудудларидаги далаларда ўтказилган тадқиқотлар буни тасдиқлади.

Институт олимлари томонидан айни пайтда давлат гранти асосида қирқдан зиёд фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар юзасидан илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ноёб асбоб-ускуналардан комплекс фойдаланиш марказига ўрнатилган замонавий лаборатория жиҳозлари илмий тадқиқотларни чуқур синовдан ўтказиш, таҳлил ва тажриба ишларини самарали олиб бориш имконини бермоқда.

Баҳор Хидирова, ЎзА
11 193