Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.01.2018 10:07 Чоп этиш версияси

Видеомониторинг кириш имтиҳонлари шаффофлигини таъминлайди

2017-2018 ўқув йили учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг 10 синфига қабул учун бўлиб ўтган кириш имтиҳонларида 100 дан ортиқ йигит-қиз иштирок этди. Унда замонавий халқаро стандартларга мувофиқ, кириш имтиҳонлари ошкоралигини таъминлаш имконини берувчи видеомониторинг тизими қўлланилди.

Таълим соҳаси, абитуриентлар ҳамда ўқувчиларнинг билими ва интеллектуал даражасини баҳолаш жараёнига замонавий технологиялар кенг жорий этилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги "Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мактабда ахборот-технологиялари йўналишидаги мутахассисларнинг ёш авлоди тарбияланмоқда. Ўқувчилар математика, физика, информатика ва чет тилларни чуқур ўрганмоқда, дастурлаш кўникмаларини ўзлаштирмоқда, маълумотлар базасини яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид билимларни эгалламоқда. Мактабнинг ўқув хоналари ва аудиториялари машғулот вақтида илғор ахборот ва педагогик технологияларни қўллашга имкон берувчи энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган. Бу эса таълим жараёнининг сифатини оширишга хизмат қилади.

Ўқувчилар қабулини тугатиш ва ихтисослаштирилган мактабга энг истеъдодли йигит-қизларни саралаб олиш мақсадида 10-синфга қўшимча қабул танлов асосида ўтказилди. Тошкентдаги Инҳа университетида икки соатдан ортиқ давом этган кириш синовлари доирасида барча даъвогарлар физика, математика ва инглиз тилига оид мактаб дастурлари бўйича ёзма имтиҳондан ўтди. Бу вақтда эса кутиш хонасида уларни бевосита видеотрансляция орқали уларнинг ота-оналари, жамоатчилик вакиллари кузатиб турди. Бундан ташқари, кириш имтиҳонларини реал вақт режимида исталган инсон Тошкентдаги Инҳа университетининг "Facebook" ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ҳам кузатиб бориш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, имтиҳон бўлаётган залга эркин кузатувчилар сифатида ота-оналар гуруҳи ҳам таклиф этилди. Имтиҳон натижаларига кўра, бошқаларга нисбатан барча вазифаларни аъло бажарган ва энг кўп балл тўплаган 14 ўқувчи ўқишга қабул қилинди.

Бунда улар нафақат ўқишга қабул қилинади, балки 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан эълон қилинган акция доирасида имтиёз ва преференцияларга ҳам эга бўлади. Хусусан, уларга ўқиш давомида фойдаланишлари учун ойлик йўл чиптаси ва шахсий компьютерлар тақдим этилади. Шунингдек, ўқувчилар Тошкентдаги Инҳа университети ўқитувчилари томонидан олиб бориладиган физика, математика ва инглиз тили бўйича қўшимча дарсларда ҳам иштирок этишлари мумкин.

Роман Бондарчук, ЎзА
2 966






Все о погоде - Pogoda.uz