ЎзА Ўзбек

23.11.2012 17:07 Чоп этиш версияси

Ўқув жараёнига – замонавий технологиялар

Самарқанд давлат университетида “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари педагог кадрлари учун таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш" мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.

Президентимизнинг шу йил 28 майда қабул қилинган “Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда вилоятдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари ва педагоглари иштирок этди.

– Семинар-тренинг икки босқичда ўтказилиб, унга вилоятимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг беш юз нафардан ортиқ раҳбар ва ўқитувчилари жалб қилинди, – дейди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Муродулла Холмуҳаммедов. – Пойтахтимиз ҳамда Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва бошқармамиз мутахассислари уларга таълим жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация воситалари, илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш ва бунинг аҳамияти ҳақида кенг тушунча бердилар. Шунингдек, бу борада тизимда тўпланган тажриба юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

– Бугунги кунда таълим жараёнида илғор педагогик усуллардан фойдаланиш кенг оммалашмоқда, – дейди Ургут қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежи ўқитувчиси Насрулла Ҳайдаров. – Бизнинг коллежимизда ҳам дарс машғулотларини ноанъанавий услубда ўтиш борасида бир мунча тажриба тўпланган. Мазкур семинар давомида эса иш фаолиятимизга оид ўқув-меъёрий ҳужжатларни лойиҳалаштириш, замонавий технологиялардан ўқув жараёнида фойдаланиш бўйича билим ва тажрибамизни оширдик.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов
7 806