Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.04.2016 13:41 Чоп этиш версияси

Тилшунослик ва таржимашуносликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида замонавий тилшунослик ва таржимашуносликнинг долзарб масалаларига бағишлаб илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори Ф.Аъзамов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг таълим олиши, ахборот-коммуникация технологияларини фаол ўзлаштириши, замонавий касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганиши учун барча имконият яратилганини таъкидлади. Таълим тизимининг барча босқичларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўғил-қизларимиз муайян мутахассислик бўйича таълим олиш билан бирга хорижий тилларни ҳам пухта ўрганмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бундай йигит-қизлар сафини янада кенгайтириш, уларнинг халқаро кўламда илм олишга бўлган қизиқишини кучайтириш, хорижий тилларни билиш даражасини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мамлакатимизда замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Шунингдек, ўзбек тилидан жаҳон тилларига ва жаҳон тилларидан ўзбек тилига таржималарни кенг йўлга қўйиш, хорижий тилларни мамлакат таълим тизимида изчил ва чуқур ўргатиш, иқтидорли етук мутахассисларни тайёрлашга катта аҳамият қаратилмоқда.

Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур анжуман ҳам хорижий тилларни мукаммал ўзлаштиришдаги энг илғор тажрибаларни оммалаштириш, замонавий тилшунослик ва таржимашуносликнинг долзарб масалаларини назарий ва амалий жиҳатдан кенг таҳлил этиш имконини беради.

Анжуманда тилларни қиёсий ўрганиш муаммолари, таржимашуносликнинг назарий ва амалий асослари, қиёсий тилшунослик ва таржимашунослик, соҳа мутахассислари малакасини ошириш масалаларига бағишланган маърузалар тингланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
14 168