ЎзА Ўзбек

12.07.2019 17:22 Чоп этиш версияси

Темурбеклар мактабига кириш имтиҳонлари ўтказилди

Темурбеклар мактабига кириш имтиҳонлари ўтказилди

Жорий йилнинг 12 июль санасида Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “ЎЗКЎРГАЗМАСАВДО” савдо маркази биносида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тасарруфидаги Темурбеклар мактабига кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати маълум қилди.

Тест синовлари шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш, абитуриентларнинг имтиҳон жараёнини эркин кузатиш имконини яратиш, кутиш вақтида ота-оналарга енгилликлар туғдириш мақсадида мутасадди ташкилотлар раҳбарияти ва Давлат тест маркази томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилди.

Номзодлар математика, физика, она тили ва адабиёт фанларидан тест синовларини таълим шаклидан келиб чиққан ҳолда ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида топширдилар.

Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, Миллий гвардия тасарруфидаги Темурбеклар мактабига ўқишга кириш учун 900 дан ортиқ номзод ҳужжатларини топширган бўлиб, бир ўринга тахминан 6 та номзод тўғри келди.

ЎзА
984