ЎзА Ўзбек

16.01.2017 14:59 Чоп этиш версияси

Тарихий учрашув

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимизнинг бир гуруҳ илм-фан намояндалари, давлат ва жамоат ташкилотлари, Фанлар академияси аъзолари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашди.

Давлатимиз раҳбари ўтган 25 йил мобайнида мамлакатимиз илм-фани салмоқли ютуқларга эришгани, кўплаб илмий кашфиёт ва ихтиролар қилингани, аммо бугунги замон барча соҳалар қатори илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу ишни бизга ҳеч ким ташқаридан келиб амалга ошириб бермаслиги, буни ўзимиз, ўз кучимиз билан қилишимиз лозимлиги ва бунинг учун олий таълим, академик илм-фаннинг сифатини ошириш зарурлигини қайд этди. Йиғилиш иштирокчиларига қарата “Мен бугун бу ерга сизларни эшитиш учун, сизларнинг ҳар бирингизнинг фикр-мулоҳазаларингизни тинглаш учун келдим”, деди.

Президентимизнинг бу сўзларини тинглаб, тарихчи Шарофиддин Али Яздийнинг Амир Темур ҳақидаги фикрлари ёдимга тушди. Соҳибқирон бобомиз олимлар ва руҳонийларни мажлисга чақириб, унда нутқ сўзлаган, мамлакатни, фуқароларни бошқаришда, турли иншоот ва бинолар қурилиши, боғлар барпо этишда олимлар ўз маслаҳати билан қўмаклашишини сўраган. Шарофиддин Али Яздий “Зафарнома”сида шундай учрашувлардан бири ҳақида ёзиб қолдирган. Тарихчининг ёзишича, Амир Темур тўпланганлар олдида нутқ сўзлаган ва унда “Фан ва диннинг машҳур кишилари ўз маслаҳатлари билан подшоларга ёрдам бериб келганлар. Менинг мақсадим мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, юртимизда қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатингиз билан кўмаклашишингиз керак. Агар олдин бизнинг диққат-эътиборимизда ўзга мамлакатлар билан боғлиқ муаммолар турган бўлса, эндиликда мамлакатда хотиржамлик ўрнатишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бош вазифамиздир. Бу олижаноб ишда менга ёрдам беришларингизни илтимос қиламан”, деган.

Президентимизнинг сўзларида ҳам, Амир Темурнинг нутқида ҳам бир мақсад мужассам: илм-фанни тараққий эттириш орқали фуқароларнинг турмушини яхшилаш, мамлакатни ривожлантириш ва тинчиликни мустаҳкамлаш, юртни янада обод ва фаровон қилиш.

Тўрт соатдан ортиқ давом этган ушбу учрашувда олимлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, уларни ҳал қилиш йўллари ҳақида сўзлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев суҳбат давомида халқимиз орасидан жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган хоразмийлар, бухорийлар, Мирзо Улуғбеклар чиққани, уларнинг ўз мактаби бўлгани, аммо бугун бу анъана тўхтаб қолганини афсус билан гапирди. Дарҳақиқат, бизнинг аждодларимиз яратган илм-фан ютуқлари бугун жаҳон халқлари мулкига айланган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотган эмас.

Учрашувда Президентимизнинг бугунги кунда олий таълим, Фанлар академияси ва ишлаб чиқариш ўртасида узвий боғлиқлик йўқ, ҳар бир соҳа ўзича фаолият юритмоқда, деган гапи кўпчиликнинг юрагидаги гап бўлди.

Давлатимиз раҳбари 14 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳам академиклар билан ўтказилган учрашувга алоҳида тўхталиб, унда баён этилган фикрлар асосида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Демак, бу учрашув мамлакатимиз илм-фани тараққиётини янги босқичга олиб чиқиши, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан тарихий аҳамият касб этади.

Амриддин Бердимуродов,
Ўзбекистон Фанлар академияси
Археология институти директори.
ЎзА

23 130