Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

31.01.2018 16:30 Чоп этиш версияси

Талабалар Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимовдан ўз саволларига жавоб олди

Талабалар Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимовдан ўз саволларига жавоб олди Қарши давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, академик Бахтиёр Ибрагимов билан учрашув бўлиб ўтди.

Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги фармони билан кимё фанлари йўналиши бўйича Фанлар академияси академиги этиб тасдиқланган. Олим 400 га яқин илмий иш, жумладан, 10 ихтиро муаллифи. Унинг илмий ишланмаси АҚШ, Швейцария, Ҳиндистон ва Хитой давлатларида патентланган. Кўплаб илмий мақолалари нуфузли чет эл журналларида чоп этилган. Академик хорижлик ҳамкасблари билан яқин ҳамкорлик қилади. Дунёнинг етакчи мамлакатларида бўлиб ўтган ўнлаб халқаро илмий анжуманлар иштирокчиси. Айни пайтда Бахтиёр Ибрагимов Фанлар академиясининг вице-президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Учрашувда академик “Рентген кристаллография ёрдамида моддаларнинг тузилишини аниқлаш” мавзусида маъруза қилди. Маърузада замонавий рентген кристаллографияси, монокристалл ва кукун ҳолидаги моддалар тузилишини аниқлаш усуллари, дефрактометрлардан фойдаланиб одам организмидаги оқсиллар ва турли касаллик келтирувчи микробларнинг тузилишини аниқлаш бўйича батафсил маълумот берилди. Бу маълумотлар ёш докторантлар, магистрлар ва талабалар учун алоҳида аҳамият касб этди.

2.jpg

– Бугун кристалларни ўрганишнинг замонавий усуллари тўғрисида қизиқарли маълумотларга эга бўлдим, – дейди Қарши давлат университети ёш докторанти Нурбек Умиров. – Айниқса, супрамолекуляр моддалар ҳақидаги маълумотлар биз учун янгилик бўлди. Кристалларни ўрганишнинг дунёдаги энг сўнгги йўналиши бўлган криоэлектронли микроскопия бўйича тушунчаларимиз ҳам бойиди.

Учрашув давомида кимё фанига қизиққан ва бевосита мазкур соҳа бўйича малакавий битирув иши ёзаётган талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга академикдан батафсил жавоб олди.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА