ЎзА Ўзбек

09.07.2019 15:03 Чоп этиш версияси

ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ: яхши дарслик яратиш учун янги институт шартми?

ТАҲЛИЛ ВА ТАКЛИФ: яхши дарслик яратиш учун янги институт шартми?


Кейинги пайтларда вазирликлар, давлат идоралари одатий ва ноодатий бўлган қарорлар ҳамда қонун ҳужжатларига муаллифлик қилаётгани, уларга кенг халқ оммасининг бефарқ эмаслиги мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият сари дадил қадам ташланаётганидан далолат беради. Бу жабҳада, айниқса, Халқ таълими вазирлиги фаоллиги билан бошқалардан ажралиб турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси дарслик муаллифи сифатида каминани хурсанд қилди.

Халқ таълими вазирлиги томонидан тайёрланиб, халқ муҳокамасига қўйилган ушбу қарор лойиҳаси амалдаги муаллифлар билан ишлаш тизимининг эскирганлиги, ижодкорлик муҳити йўқлиги, соҳада бюрократия ва қоғозбозлик кучайгани туфайли ишлаб чиқилганига шубҳа йўқ. Бу – муҳим қадам. Чунки таълим мазмуни дарсликларда ўз аксини топади. Дарслик ўқувчининг асосий билим олиш манбаи, қуроли ҳисобланади.

Афсуски, амалдаги мактаб дарсликларининг аксарияти мазмун ва дизайн жиҳатидан замон талабларига жавоб бермайди, жиддий камчиликлардан, хатолардан холи эмас. Мазкур қарор лойиҳаси эса муаммолар ечимига хизмат қилиши мумкин.

ҲАҚЛИ САВОЛЛАР ТУҒИЛАДИ...

Бироқ қарор лойиҳаси билан танишиш жараёнида ҳақли саволлар туғилади.

Хусусан, Дарсликлар илмий-тадқиқот институти ташкил этилиши ҳақдаги қисми юзасидан:

“Ташкил этилажак институтнинг асосий вазифалари Республика Таълим марказиникидан қайси жиҳатларига кўра фарқ қилади?

Бу институт марказнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланадими?

Мабодо илмий-тадқиқот институти ташкил этиладиган бўлса, Республика Таълим марказининг фаолияти қай тартибда давом этади ёки тўхтатиладими?”

Агар қарор лойиҳаси тасдиқланса, Дарсликлар илмий-тадқиқот институти мактаб ҳамда мактабдан ташқари таълим соҳасидаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ўрганиш, яратиш ҳамда уларнинг таълим тизимида қўлланилиши бўйича хулоса берувчи ягона илмий-тадқиқот муассасаси бўлиб қолади!

Лекин бизда “таълим, фан, техника ва технология, иқтисодиёт ва маданият ютуқларини инобатга олган ҳолда умумий ўрта таълим мактаблари, ёрдамчи мактаб ва мактаб-интернатлар, мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда мактабдан ташқари таълим муассасалари учун замонавий ўқув режа, дастур, дарслик ва методик адабиётлар яратилишини мувофиқлаштирувчи” Республика таълим маркази мавжуд-ку.

Ташкил этилажак (агар қарор тасдиқланса) институтнинг ҳам “умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш ва амалиётга жорий этиш бўйича маслаҳатлар ва тавсиялар бериш” билан шуғулланиши бир ошхонага икки бекани киритишдай мантиқсизлик эмасми?!

Амалиётда бир ишга икки хўжайин белгиланиши ишнинг сифатини тушириб юбориши ёки мутлақо бажарилмаслигини бир неча карра исботлаган ахир. Балки қўйилган вазифалар бошқачадир?

ЛОЙИҲА БИЛАН ТАНИШИШДА ДАВОМ ЭТАМИЗ

Ташкил этилажак институт вазифаси “дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни экспертиза қилиш ва апробациядан ўтказиш жараёнларига илмий ва услубий кўрсатмалар бериш”дан иборат экан.

Республика Таълим маркази ҳам “қайта нашр этиладиган, қайта ишланадиган ва янги яратилган дарслик, ўқув-методик қўлланмаларни экспертизадан ўтказиш ишларини ташкил қилиш” ва “умумий ўрта таълим мактаблари учун ўқув-методик қўлланмалар, методик тавсиялар, дарс ишланмалари, плакатлар яратиш ишларини ташкил этиш ва уларни ўқув жараёнига татбиқ этишда услубий ёрдам кўрсатиш” сингари “бўлажак” институтникига уйғун вазифаларни бажарар экан.

Худди шу фаолият билан шуғулланаётган марказ бўлгани ҳолда янги муассаса – Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини ташкил этишнинг асосли ё мантиқли сабабини шунча излансам-да, топа олмадим ёки вазирлик “Янгисини қурмай, эскисини бузма” қабилида иш тутяптимикан? Балки бунда бир ҳикмат бордир? Лекин ҳикмат мавжуд бўлса, у жуда пухта бекитилган экан. Чунки Республика таълим маркази зиммасидаги вазифалар ҳозир урф бўлган “хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш”, “соҳада халқаро ҳамкорликни кучайтириш, тадқиқотчиларни илмий стажировкага юбориш” сингари жумлалар билан бойитилса, “бўлажак” институтга мутлақо ҳожат қолмайди.

Қарор лойиҳасида кўрсатилган “барча ўқув фанлари бўйича халқаро миқёсдаги дарсликлар коллекциясидан иборат илмий кутубхонани ташкил этиш” ишларини эса Республика Таълим маркази бемалол амалга ошириш салоҳиятига эга.

Ҳозиргача бу қилинмаган экан, бир дунё оворагарчилик, харажат, кадрлар алмашинувию унга боғлиқ идоралар югур-югурларисиз марказга кўрсатма ё топшириқ бериб қўяқолган маъқул эмасми? Ўнг қулоқни чап қўлни айлантириб келиб ушлашга мунча ишқибоз бўлмасак?!

Қарор лойиҳаси таълим соҳасига бегона одамда “дарсликлар бўйича шу пайтгача ҳеч нарса қилинмаган эканми? Унда тендер-чи? Биз ҳар йили пул сарфлаб болаларимизга ижарага олиб бераётган дарсликлар бўлмағурмиди?” деган шубҳани уйғотади.

АСЛИДА БУ БОРАДА САЛМОҚЛИ ИШЛАР ҚИЛИНГАН

photo5271771738650290926.jpg

Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва республикамиздаги барча педагогик олий ўқув юртлари, педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказлари томонидан мазкур йўналишда тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Академик Р.Жўраев раҳбарлигида амалга оширилаётган “Дарсликларнинг янги типологиясини яратиш ва уларни амалиётга жорий этиш механизмларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот ҳам айни шу йўналишда.

Мазкур мақола қораланаётган пайтда Республика таълим марказида ўтказилган навбатдаги Илмий-методик кенгаш йиғилишида қатнашишга тўғри келди. Йиғилишда дарсликлар яратиш, муаллифлар билан ишлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш шартлиги, бу соҳадаги кадрлар салоҳиятига жиддий эътибор қаратиш зарурлигига яна бир бор амин бўлдим.

ТАКЛИФЛАР...

Қарор лойиҳаси бўйича юқорида билдирилган мулоҳазалардан келиб чиқиб, айрим таклифларни ўртага ташламоқчи эдим.

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини Республика таълим маркази ўрнида ёки унинг негизида ташкил этиш лозим.

Мазкур институтга кадрларни танлаб олишда уларнинг илмий-методик савияси, мактабда ишлаш тажрибаси асосий мезон бўлиши керак. Чунки ўқув дастурлари ва дарсликларни яратиш, қайта нашрга тайёрлаш, муҳокамадан ўтказиш чоғида фан йўналишларига масъул бўлган айрим “мутахассис”ларнинг билим даражаси ва савияси ҳаминқадарлиги кўринади.

Лекин улар “масъул” сифатида отдан тушса ҳам, эгардан тушмайди, ўз позициясини ҳимоя қилган ё эътироз билдирган муаллиф ёки амалиётчи ўқитувчиларни сиғиштирмайди, танқидий тақризлар билан “синдириш”га уринади.

Дарсликларни танлов асосида яратиш, саралаб олиш жараёни шаффоф ва холис ўтказилиши учун ишончли механизм ишлаб чиқилиши зарур. Бунда танловни ташкил этувчи, экспертизадан ўтказувчи, тажриба-синов ишларини амалга оширувчи ва натижаларни умумлаштирувчи органларнинг фаолиятини бир-биридан мустақил тарзда ташкил этиш, маълумотларнинг сизиб чиқмаслигини таъминлаш жуда муҳим.

Мухтасар айтганда, мукаммал дарслик яратиш ва уни таълим жараёнига татбиқ этиш бугунги куннинг долзарб муаммосидир. Бу муаммони ҳал этишда амалдаги таълим тизимини ўрганиш, таҳлилга тортиш ва натижалардан келиб чиқибгина қарор қабул қилиш шарт.

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,

филология фанлари номзоди


ЎзА
2 644