ЎзА Ўзбек

14.11.2016 16:07 Чоп этиш версияси

Симпозиум қатнашчилари – Самарқандда

Пойтахтимизда ўтган “Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар” мавзуидаги халқаро симпозиум иштирокчилари 12 ноябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Испания, Италия, Франция, Россия, Бельгия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Миср, Малайзия, Австралия каби қарийб 30 давлатнинг етакчи физик олимлари Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилиб, мустақиллик йилларида бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.

Меҳмонлар дастлаб Ҳазрати Хизр масжид мажмуасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, ҳурмат бажо келтирди.

– Ўзбекистонда жуда юқори савияда ташкил этилган симпозиум муносабати билан бугун Самарқандда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мангу ором топган масканни зиёрат қилиш имконияти яратилганидан миннатдорман, – дейди Озарбайжон Президенти ҳузуридаги илмий тараққиёт фонди директори Элчин Бобоев. – Ислом Каримов етук сиёсатчи, давримизнинг буюк давлат арбоби эди. Бу инсоннинг ўта мураккаб ва таҳликали даврда Ўзбекистонни мустақил деб эълон қилиши ва унинг тараққиёти йўлида амалга оширган буюк ислоҳотлари ўзбек давлатчилиги тарихида алоҳида аҳамият касб этади. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги азалий дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда ҳам Ислом Каримовнинг хизматлари катта бўлганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва Мирзо Улуғбек расадхонасига саёҳат давомида Амир Темур ва темурийлар даврида Самарқандда амалга оширилган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари, илм-фан, маданият ривожи учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида атрофлича маъмулот берилди.

– Ўзбекистон давлатчилиги, илм-фани ва маданияти тарихи мен ўйлаганимдан ҳам бой ва узоқ ўтмишга эга экан, – дейди Япониядаги Кэйо университети профессори Флачи Антонино. – Японияда фаолият юритсам-да, асли италияликман. Бизда ҳам тарихий-меъморий обидалар жуда кўп. Самарқанддаги тарихий бинолар, ёдгорликлар архитектураси Шарқ халқлари анъаналарини акс эттириши билан бирга, маҳаллий аҳоли маданияти, эътиқоди, турмуш тарзининг уйғунлиги билан ажралиб турар экан.

Самарқанд шаҳрининг қарийб уч минг йиллик тарихига оид ноёб экспонатларга эга “Афросиёб” музейи, бир неча дин вакилларининг муқаддас зиёратгоҳига айланган Хўжа Дониёр мажмуаси, дунёга машҳур Регистон майдони ва бошқа масканлар билан танишув ҳам хорижлик олимларда катта таассурот қолдирди. Миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ва турли миллатлар куй-қўшиқларидан тузилган концерт дастури ҳам меҳмонларга манзур бўлди.

– Кўчалари равон, баҳаво ва озода, тарихий ёдгорликларга бой қадимий Самарқанд мени ҳайратга солди, – дейди Эколь Нормаль де Лион Физика лабораторияси директори Тьерри Дауксоис (Франция). – Мен шаҳар тарихига олдиндан қизиқиб, бу борада кўп маълумотлар тўплаганман. Айниқса, “Афросиёб” музейидаги ашёларни томоша қилишни орзу қилардим. Халқаро симпозиум сабаб орзуим ушалди. Музейдаги экспонатлар шаҳарнинг тадрижий ривожланиш босқичлари ва олис мозий манзараларини кўз олдингизда намоён этади. Аждодларингиз барпо этган муҳташам обидаларни томоша қилиб, Самарқанд ҳақидаги билимларим янада бойиди.

– Самарқандга ташрифим шуниси билан унутилмас бўлдики, мен Улуғбек расадхонасида ўзим учун астрономия тарихида кашфиётга эришдим, – дейди Бавария фан академияси президенти Хоффманн Карл Хейнц (Германия). – Аждодларингиз томонидан ўрта асрлардаёқ осмон жисмларига оид чиқарилган хулосалар бугунги фан хулосаси билан бир хил. Ҳолбуки, бугунги замонавий технологиялар билан ўша даврнинг ускуналарини солиштириб бўлмайди. Мирзо Улуғбек томонидан қурилган фалакни кузатиш ускунаси бундан мустасно, албатта. Умуман, бу расадхона мўъжизанинг ўзи.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
8 768